Ўзим билан ўзим. Аъзам Аҳмад. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Аъзам Аҳмад
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-110-5
Скачать книгу
ҳам билмади.

      – Бунга бир гап бўлганми ўзи? – деди Адҳам қўлларини керганча ёнбошга ўгирилиб – худди ҳужрада учинчи бир киши ҳам бордек. – Қиз болани уриб, яна…

      Пичоқ Каримнинг кўксига қадалди.

      – Қип-қизил аҳмоқ экан-ку бу, – деди шафқатсиз Адҳам. – Бечоранинг жағи шишиб кетибди-я! Ўғил боламидики, шундай урса… Ё Мабийи билан муштлашишга борувдингизми?

      Пичоқ қир-рт этиб Қаримнинг юрагини тешиб ўтди. Лекин Карим ўлмади, аксинча, миясида ярқ этиб нажот – ҳаммасидан биратўла қутулиш йўли очилиб кетди:

      – Кетаман!

      – Қаёққа? – Адҳам истеҳзоли кулимсиради.

      – Ўқимайман! Э, ҳаммасини!.. – Бирдан Каримнинг кўзига ёш қалқиб, томоғи ҳирқираб қолди. – Кетаман.

      Адҳам унга тикилганча анграйди:

      – Чинингизми?

      – Э, ўқишини ҳам, қизларни ҳам… – Карим баттар жазавага тушди, кўзёшлари тирқираб кетди. – Ҳозироқ кетаман!

      – Эсингизни еб қўйибсиз, – деб такрорлади Адҳам. – Эсингизни еб қўйибсиз.

      Карим Адҳамга алам билан қаради, кетса, ўзидан, ўзидан ҳам кўра Адҳамдан боплаб ўч оладигандек, баттар хуруж қилди:

      – Керак эмас. Ҳеч нарса керак эмас, Бориб трактор ҳайдайман, арава қўшаман, гўнг ташийман, гўнг! Ҳаммага бунақа шарманда бўлгандан кўра… Қишлоқда булардан минг марта яхши қизлар бор.

      Адҳам тўсатдан кулиб юборди.

      – Вой тентак! Мажнунвойни қара! – Адҳам кулишдан таққа тўхтади, кўзлари қисилиб, бераҳм тус олди. – Бўпти, йиғиштиринг нарсаларингизни! Жўнанг! – Кейин Каримга томон эгилиб, унинг елкасига шап этиб тушириб қолди. – Туринг. Кран тагига бир нарса ташлаб қўйганман. Кетар жафосига тортасиз. Э, калла!

      Карим «Кетаман» деган гапни ҳадеб қайтараверишдан қутулганига бир оз енгил тортди.

      «Ҳа, шум-эй! –деб ўйлади Карим, шишага илашган лойни водопровод жўмрагида ювар экан. – Бари бир яхши бола-да. Совуқ бўлса ҳам, одамнинг кўнглини оғритса ҳам яхши!»

      Адҳам уларнинг ижарахонасига бунгача сира келмаган эди.

      – Карим, – деди Адҳам сигарет тутатиб олишгандан кейин. – Бир гапнинг тўғрисини айтайми?

      «Ҳозир йиғлаганимни айтади!», деб ўйлади Карим юраги ивишиб.

      – Нимани?

      – Хафа бўлмайсизми?

      «Кўзёш тўкиш хотинларнинг иши, дейди. Майли, деса депти-да!» – Карим ўзига ҳам нотаниш хотиржамлик туйди.

      – Йўқ, хафа бўлмайман. Сиздан хафа бўлмайман.

      – Шу бугунги ишни… – Адҳам гапидан тўхтаб, Каримга тикилди.

      Каримга Адҳамнинг нигоҳи уни тешиб ўтиб, ортидаги бир нарсага қаттиқ ботаётгандек туюлди.

      – Шуни, – деди Адҳам ҳамон Қаримдан кўз узмай, – мен уюштирдим.

      Каримнинг оёғи олтидаги тахта пол қаёққадир сурилиб кетаётгандек бўлди.

      – Қанақасига?

      – Шунақасига-да, – деди Адҳам. – Шу бола арзимаган қиз учун хор бўлиб юрадими, кел, шартта орасини узиб ташлайман, дедим.

      Карим илон авраган қурбақадек, оғзини каппа-каппа очди, яна тили айланмай, ичидан ҳирқироқ товуш келди.

      – Нега?

      – Негалигини бугун кўрдингиз, – деди Адҳам ниҳоят ундан