Ўзим билан ўзим. Аъзам Аҳмад. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Аъзам Аҳмад
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-110-5
Скачать книгу
бораверинглар, – деди Мамат меш. – Эртага уста чақирганман, ёнида бўлмасам, бир ўзи эплолмайди.

      – Қўйинг, важ-карсон қилманг. У ёқда биров… – Энди отаси қаттиқроқ гапирди. – Илҳақ бўлиб ётибди бечора! Неча йиллик ошначилигингиз бор. Сизни деб қамалиб кетишига сал қолган…

      Мамат меш индамай кетаверди.

      У Орзиқул бобони яхши кўради: ҳар гал учратганда Орзиқул бобо: «Ассалому алайкум!», деб уни қизартиради. У эса сал яқинроқ келсин, кейин салом бераман деб улгуролмай қоларди. Чол уни калака қиларди: «Э, эсингиздан чиқиб қолдими? Отангиз берган тарбия қани? Муаллимларига бориб айтамиз-да, энди». У: «Мен салом бергунча ўзингиз шошилиб…» дея тутилиб қоларди. Шундан кейин у Орзиқул бобо кўчанинг нариги бошида кўриниши биланоқ «Ассалому алайкум!», деб қичқирадиган бўлди. Бироқ Орзиқул бобо ўзини эшитмаганга олиб, индамай келаверарди. У қайта қичқирарди. Чол пешонасига қўлини соябон қилиб томгами, ёки бирор қизиқ нарса кўргандек, ергами тикилиб яқинлашар эди-да, бирданига: «Ассалому алайкум», дер ва «Ва-алайкум ассалом», демайсизми, ўғлим», деб унга ажабланиб боқар эди. «Сиздан олдин салом бердим-ку, ахир», дея йиғлагудек хуноб бўларди у. Орзиқул бобо аччиқланарди. «Муаллимингизга бо-риб, Мақсудбойга одоб ўргатмабсизлар, деб айтмасамми», деб пўписа қиларди. У бир куни онасига арз қилди. Онаси: «Бобонг сени яхши кўрганидан ҳазиллашади-да», деб қўя қолди.

      Энди шундай яхши киши оғир касал бўлиб ётибдию Мамат мешнинг уни кўришга боргиси йўқ.

      У отасини Мамат меш нима учун «ака» деб иззат қилишини бирдан тушунди – отаси укасига гапиргандек, ўзидан кичик одамни кўндиргандек, баландда туриб, мулойим овозда гапирар эди:

      – Хўп қизиқ одамсиз-да, Мамат ака, ичингиз тор. Ўша гапни ҳалигача кўнглингизда оақлаб юрибсиз. Қўйинг, ўтган ишга саловот. Беш кунлик дунё – тўрт-бешта бобой қолдик. Сиз ҳам, мана, етмишни қоралаяпсиз. Энди нариёғини ўйланг, майда-чуйда гапларни эмас. Кўнгилни кенг қилинг, кенг. Ҳақимиз қолмади, энди бу дунёга устун бўлолмаймиз.

      Мамат меш яна оғир сўлиш олди.

      Чорраҳага етиб келдилар. Мамат мешнинг йўли бошқа, у эшагини бурди.

      – Тонг отсин-чи, худо бир йўл кўрсатар. Яхши боринг, Акрам ака! Айтгандай, – Мамат меш эшагининг жиловини тортди (қишлоқда фақат унинг эшагига юган солинган). – Иш-ше, сабил қолгур! Хайрулла, келаси бозор Шерқўрғонга борамизми? Ола сигир жуда чимхўр чиқди, қуритиб келмасам, сиз ҳам новвосингизни сотмоқчи эдингиз-ку. Актамнинг мошини билан кетамиз.

      – Мен сўймоқчи эдим, – деди амакиси. – Кейин Шерқўрғонда қорамолнинг нархи пастроқ, ютқизасиз.

      – Йўқ-йўқ. Кеча бозор Усмонлар бориб келишибди, яхши экан.

      – Ҳай, кўрамиз-да, ҳали вақт кўп-ку, – дед амакиси дудмал қилиб.

      – Бирга борсак яхши бўларди-да, – деди Мамат меш. – Ёнимда турсангиз, ҳар ҳолда, бир кишидан икки киши… Яна бир ўйлаб кўринг.

      …Улар йўлда давом этдилар.

      – Борармикан? – деди амакиси.

      – Боради, – деди отаси ишонч билан. – Орзиқул ётиб қолгандан бери нима қилишини билмай, имога маҳтал бўлиб юрибди. Тўғри кириб борай деса, бўйни ёр бермайди. Бировнинг юр-юр