– Муқад! Қара, қарагин! Оёғини велосипед қиляпти! – Алимардон деворга осиқли гиламни тозалаётган хотинига қичқирди. – Кўрсанг-чи, бунингни!
Муқаддам қўлидаги ҳўл латтани ташлаб яқин келди. Шавкат онасини таниди: янаям қаттиқроқ қийқириб қўлчаларини силкита бошлади.
– Вой сен-эй! – Алимардон яна бармоғи билан унинг қорнини қитиқлади. – Кулишини қара, кулишини!
– Қўйинг! – Муқаддам унинг қўлини суриб ташлади. – Болани қийнаманг!
Икковлари бир-бирларига қараб жилмайиб қўйишди.
Эшик қўнғироғи жиринглади. Муқаддам йўлакка югурди. Оёғига дуч келган калишни илиб, ҳовлига тушди. Ерлар селгиб қолган, аммо ҳали ҳавода эриган қор иси гуркирарди. У цементланган йўлакдан ҳалқоб сувларни босиб ўтиб, дарвоза эшигини очди.
– Вой, Лобар!
У қувончдан чеҳраси яшнаб кетган дугонасини қучоқлаб олди. Лобар ёмғирпўш кийиб олган, бошидаги ҳиндий рўмоли чарақлаган қуёш нурида ярқиллаб турарди.
Муқаддам унинг дўмбоқ қўлидан ушлаб ичкарига судради.
– Йўқ, кирмайман… Эринг бўлса кирмайман. – Лобар қайсарлик қилиб эшик олдида туриб олди. Унинг оқ сариқ юзи қизариб кетган эди.
– Эсинг борми, юрсанг-чи!
Лобар яна қўлини тортиб олди. Туфлисининг учи билан ҳали қуриб улгурмаган ерни чиза бошлади.
–Тўйга борасанми? – Унинг чеҳраси яна ҳам қизариб кетди.
– Вой, ростданми? – Муқаддам уни маҳкам қучоқлаб, у юзидан-бу юзидан ўпиб олди. – ўша… Жаҳонгиргами?
Лобар қувончини яширолмади шекилли, уялган бўлди.
– Ҳа… – деди секин бош силкиб.
Келинлар тушган автобус Ойнатоғ қишлоғига кунботар чоғи келиб тўхтади. Ёнбош томондаги тик кўтарилиб турган сип-силлиқ чўққи ботаётган қуёш нурида тарғил аланга бўлиб ёнар, бутун қишлоқ унинг шафағида ололвланиб кўринарди. Алланечук афсонавий, ҳазин бир манзара ҳали куртак ёзмаган дов-дарахтларга ҳам, пастак уйлар устига ҳам оловли соя ташлаб турарди.
“Ойнатоғ деганча бор экан!” – Муқаддам автобус деразасидан мўралаб, атрофни томоша қила бошлади.
Қишлоқ кичкинагина эди. Ярмигача тошдан девор урилган лой томли уйлар, эчки қийлари сочилиб ётган шағал, эгри-бугри кўчалар, катта-катта чинорлар ҳазин, ўйчан туйғулар уйғотарди унда. Қаердадир сой шовуллар, тоғ унгурларида ҳали қор эримаган бўлса керак, тезак иси аралаш совуқ шабада эсиб турарди.
Муқаддам кўпдан буён – бир вақтлар ўқувчилик пайтида синфдошлари билан саёҳатга чиққанидан бери тоғни кўрмаган, шунинг учунми, бу ернинг ранг-баранг манзараси унга қувонч бахш этарди. Аллақаерда радио карнайи шанғиллайди, сигирлар маърайди, қишлоқ аҳли оқшом тараддудида елиб-югуради.
Кўча ичкарисида сурнай товуши эшитилди. Муқаддам ёнида ўтирган Лобар ўзининг қўлини маҳкам ушлаб олганини сезиб, бурилиб қаради. У оппоқ рўмолга бурканиб, энгашиб олган эди.
– Куёвлар келишяпти, – деди Муқаддам рўмол устидан унинг қулоғига шивирлаб.
Лобар унинг