Танланган асарлар: 1-жилд. Ўткир Ҳошимов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Ўткир Ҳошимов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
вақти келиб аллақандай хотинлар билан тўшагини ҳаром қилишини билганида эди!

      Мунчалар шўр бўлмаса бу пешонаси!

      У ҳамон ҳиқиллаб-ҳиқиллаб борар, қаёққа кетаётганини ўзи билмас, уйига қайтай деса, баджаҳл отасининг ғазабидан қўрқар, осмони фалакда осилиб турган юлдузлар совуқ кўз ёш тўкиб юм-юм йиғлар, фақат Шавкат овуниб қолган эди. У онасига нима бўлганини тушунмоқчидай қоронғида кўзларини жавдиратиб борарди.

* * *

      Қуёш бахтидан энтикканларга ҳам, ғамидан бағри қон бўлганларга ҳам баравар нур сочаверар экан. Уч ҳафтадан буён Муқаддамларнинг ғам юкини кўтаролмай жимжит бўлиб қолган кафтдек ҳовлисида баҳор гуруллайди. Тип-тиниқ, чуқур осмонда тоғ-тоғ булутларни кўчириб юрган кўклам сабоси эл қатори бу ҳовлига ҳам илиқ томчилар пуркаб ўтди. Ҳовлидаги бир туп ўрик шохларида қинидан чиққан довуччалар мўралади. Бурчакдаги ошхона томида чучмомалар очилди. Ҳовузча олдида Муқаддам қизлигида дадасига жанжал қилиб эктирган бир тахта ўсма яна жонланиб қолди. Мана шу ўсмалар суви бир вақтлар унинг қундуз қошида яшнаган эди.

      Энди-чи? У ўсмани нима қилсин? Кимга? Нимага? Ким учун қўяди?

      Муқаддам афсус билан хўрсиниб қўйди. У Шавкатнинг яктакчаларини ювиб ўтирар, илиққина офтоб елкаларини қизитар, жомашовдаги оппоқ кўпик сачраб-сачраб кетарди.

      Муқаддам ҳеч нимани ўйлагиси келмас, аммо ғамгин хаёллар юрагини ғижимларди.

      Чиққан қиз чийириқдан ташқари, дейдилар. У қайтиб келган кунидан бошлаб Анзират холанинг бошига тоғдай ғам тушди. Она ҳар куни уни койийвериб чарчади. Муқаддам бўлган гапларнинг ҳаммасини айтиб берди. Энди ҳеч қачон қайтиб бормаслигини ҳам айтди. Рост-да, нимага борсин? Қайси қилган яхшиликларига? Тўйдан кейин уч-тўрт ой ўйнаб-кулгани бўлмаса…

      Энди ўйлаб қараса, Алимардон уни қилча ҳам қадрламаган экан. Нима қилса ўзи учун қиларкан. Муқаддам унга бир оқсоч бўлиб қолган экан.

      Йўқ, ҳечам қайтиб бормайди. Елкасининг чуқури кўрсин ўша уйни!

      Муқаддамларнинг хонадони ўша кундан бошлаб яна бир қўрқинчли воқеани кутиб яшарди. Отаси бир ойча илгари Бойсунга – узоқ бир қариндошлариникига кетган, уйдаги гапдан бехабар эди. Она-бола эрта-индин қайтиши керак бўлган отани юрак ҳовучлаб кутишарди…

      Ичкаридан бола йиғиси эшитилди. Муқаддам шоша-пиша қўлининг кўпигини бир чеккада ётган сочиққа артиб югурди. Ойнабанд айвонинг эшигини шарақлатиб очиб кирди.

      Анзират хола икки букилганча Шавкатни беланчакдан олмоқчи бўлар, дока рўмоли сирғалиб елкасига тушиб қолган, оппоқ сочлари тўзғиб кетганди. У овозини баралла қўйиб Алимардонни қарғарди.

      – Худоё йигит ўлсин. Йигитгина ўлмаса рози эмасман. Боланинг кўз ёши кўр қилмаса, рози эмасман!

      Муқаддам йиғлаётган Шавкатни онасининг қўлидан олди-да, бағрига босди.

      – Унгаям боққан бало бордир, йигитгина ўлгур! – Анзират хола боланинг ҳўл таглик кўрпачасини алмаштирди-ю, Муқаддамга зарда билан қараб қўйди. Муқаддам онасининг толиққан чеҳрасига, касалмандликдан милклари шишиб кетган кўзларига, оппоқ сочларига