У ёнғоқзор боғкўчага алламаҳалда етиб борди. Ҳали ой чиқмаган, аммо осмонда жимжима юлдузлар чарақлайди, оёқ остида хазон қирсиллайди. У пастак эшикни тақиллатаркан, негадир зарҳарханда билан жилмайди. “Алимардон Тўраев! Дурустроқ дарвозаси ҳам йўқ!”
Эрталабдан бери эзила-эзила ёққан ёмғир тушга бориб қорга айланди. Аввалига битта-яримта учқунлар ҳавода эринчоқлик билан кезиб юрди-ю, кейин бирдан тезлашиб кетди. Йирик-йирик лайлакқор қиялатиб уриб берди.
Алимардон дераза олдида тик турганча, биринчи қорнинг ёғишини томоша қиларди. Ҳаммаёқ табиатнинг улуғвор, аёвсиз ҳақиқати олдида қути ўчгандай жимжит бўлиб қолди. Ёмғир ёғаётганда шодон шовуллаган тарнов ҳам, бўғотдаги чумчуқлар ҳам бир нимадан чўчигандай овозсиз қотди. Ҳовлидаги сўрининг панжаралари, молхонанинг томи оппоқ бўлиб қолди. Ҳовли этагидаги азамат ёнғоқлар тақдирга тан бергандай маъюс бош эгди, яккам-дуккам япроқлар совуқдан дилдирай бошлади.
Бора-бора оқшом қўнди. Юракни эзувчи, кўнгилга ғашлик солувчи ғира-шира оқшом қўнди.
Нариги уйда Муқаддамнинг оёқ машинани шатиллатиб иш тикишга ўтиргани эшитилди. У оғироёқли бўлганидан бери кечалари ҳеч кимга сездирмай, чақалоқчага атаб кўйлакчалар тикадиган одат чиқарганди.
Кўча эшик тақиллади. Алимардон негадир чўчиб тушди. Эшик сукунат қўйнида янада қаттиқроқ гурсиллади. Муқаддамнинг машина шатиллатишдан тўхтагани эшитилди. Аммо Алимардон ундан олдинроқ ҳовлига тушди. Куёвликдан ёдгор бўлган беқасам чопони билан юзини қордан пана қилиб, йўлакка борди. Пастак эшикнинг ҳалқасидан ушлаб тортди.
Ғира-шира қоронғиликда икки киши турарди. Улардан бири новча, бош яланг, ёмғирпўш кийиб олган, совқотган бўлса керак, турган ерида ҳадеб депсинарди. Иккинчиси пакана, семиз, калта пальто кийиб олган, аммо чеҳраси аниқ кўринмасди.
“Йўлдан адашганлар бўлса керак”. Алимардон эшикни каттароқ очиб таклиф қилди:
– Келинглар.
– Сизни топадиган кун бор экан-ку, Алимардон ака! –Новча йигит эски танишлардай қуюқ сўрашди. Шериги ҳам қишлоқиларга хос тавозе билан қўшқўллаб унинг кафтини қисди.
Алимардон ҳеч нимани тушунмаган бўлса ҳам, яна таклиф қилди:
– Марҳамат…
– Йўқ, ака, – новча йигит яна дилкашлик билан шанғиллаб гапирди. – Биз бир хизмат билан келган эдик.
Алимардон улар тўйга айтиб келишганини тушунди-ю, атайлаб ўзини гўлликка солди.
– Қанақа хизмат?
– Мана шу дўстимиз, – йигит шеригига имо қилди. – Укасини уйлантираётган эди. Энди катталик эмас, эркалик, ака, бир хизмат қиласиз-да!
Шериги ҳам қўшқўллаб таъзим қилди.
– Энди йўқ демайсиз-да, ака! Хизмат ҳақингиз қанча бўлса розимиз. Олисдан келдик.
Алимардон “қанча берасиз” демоқчи бўлди-ю,