– Яна совуқ сувга ювиндингми? – деди у ёлғондака пўписа қилиб.
– Нима қипти? – Алимардон кулди. – Сенга ўхшаб ойимқиз бўлайми?
– Ким, ким шунақа? – Анварнинг кўзлари аламдан қисилиб кетди. – Қаҳрамон-эй! Бир ой инқиллаб ётмагин тағин…
– Бўпти! – Алимардон унинг ҳеч нимадан хабари йўқлигига тамоман ишонди-ю, елкасига шапиллатиб уриб қўйди. – Ҳазил, уйга кирайлик.
– Йўқ… – Анварнинг кўзларига жиддият чўкди. – Эртага эрталаб студияга боргин… Концерт бор. Сен ҳам чиқасан.
Алимардон кўпдан ўйлаб юрган орзуси чиндан ҳам рўёбга чиқаётганидан қувониб, юраги гурсиллаб уриб кетди. Ялт этиб Анварга қаради-ю, атайлаб талмовсиради:
– Қўйсанг-чи!
– Ҳазили йўқ! – Анвар астойдил тайинлади. – Мен дастурга киритиб қўйдим.
Алимардон ўзига соддалик билан тикилиб турган дўстига қараб, яна атайлаб бепарво гапирди:
– Мени бошларига уришармиди?
– Кутаман! – Анвар яна жиддият билан тайинлади-да, қўлини чўзди. – Хайр!
Унинг учи ингичка туфлиси селгиб қолган ҳовлида билинар-билинмас из қолдириб, кўча эшигига етганидан кейин Алимардон шодон табассум билан шивирлади: “Галварс!”
Тушга яқин Анвар уни телестудия эшиги олдида кутиб олди. Яна энг аввал Алимардоннинг кўзи унинг чиройли галстугига тушди.
– Рубобинг қани? – деди Анвар Алимардоннинг қуруқ келаётганини кўриб.
– Бошимни қотирмасанг-чи, нима деб чиқаман? – У ичида жон деб турса ҳам атайлаб тихирлик қилди.
– Майли, юравер-чи… – Анвар уни милиционер турган вестибюлдан олиб ўтиб, кенг, ёруғ йўлакка бошлаб кирди. пояндоз тўшалган зиналардан иккинчи қаватга кўтарилишди. Тепасига “Музика редакцияси” деб ёзилган эшик олдида тўхтаб қолишди.
– Юравер! – Анвар эшикни очиб, уни бошлаб кирди. Чоғроқ хонага ҳам худди зиналардагига ўхшаш қимматбаҳо гилам тўшалган, бир-бирига қаратиб қўйилган иккита стол бўш турарди.
Анвар юмшоқ ўриндиқли креслони Алимардоннинг олдига сурди.
– Ўтириб тур-чи…
– Сенинг столинг қайси?
– Ана… – Анвар бепарволик билан девор олдидаги столни кўрсатди. – Ҳозир тор топиб келаман. – У тез чиқиб кетди.
“Шунақа жойда ишларкан-да!” – Алимардон секин уф тортиб қўйди. Шу топда негадир унинг Анварга яна ҳасади келди, аммо нимагалигини ўзи ҳам билолмади.
Яна бир неча дақиқадан кейин Анвар садаф пардалари ярақлаб турган яп-янги тор кўтариб кирди. “Ажойиб тор экан! – Алимардон чолғунинг у ёқ-бу ёғини айлантириб кўраркан, тағин билинтирмай уф тортиб қўйди. – Пайти келсин, албатта, оламан!”
– Энди репетиция хонасига кириб машқ қиласан…
…Алимардон студия залининг бир чеккасидаги жажжигина стулга ўтирганча навбат кутарди. Бу ерга киришдан олдин қанчалик қўрққан бўлса, энди навбат тегишини шунчалик орзиқиб кута бошлади. Кимдир қўшиқ айтар, аллақандай қизлар рақс тушар, аммо у