– Хотиржам бўл, хоинликни ёмон кўраман. Лекин ўзинг қанотинг чиқмасдан туриб узоққа учмоқчисан, бола! Эҳтиёт бўл, шўнғиб кетмагин тағин.
Кенг йўлакда яна Алимардоннинг ғолиб кулгиси янгради.
– Айтавер, қўрқадиган жойим йўқ. Телевизорга чиқмасам, бир ерим камайиб қолмайди. Аллақачон эстрадага ишга кирганман.
Анварнинг қулоқлари шанғиллай бошлади. Унинг охирги гапларини эшитмай, бурилиб кетаверди. У ўзини босиб ололмас, ҳадеб титрарди.
Ёзга чиқиб Алимардон ишни катта қилиб юборди. Ота-бобосидан қолган пахса деворли бир уй, бир айвонни буздириб, янги, саккиз хонали, олди ойнабанд айвонли уй солдирди. Пул бўлса чангалда шўрва, деб бежиз айтишмаган экан. ўша пастак, эски эшикни олдириб ташлаб, ўрнига яхши ният билан машина кирадиган дарвоза қурдирди. Баҳорда Анвар унга “бир куни шўнғиб кетасан”, деганда янглишган экан. Алимардон пастга эмас, кун сайин юқорига парвоз эта бошлади. Толе унинг олдида ҳамма гулшанларнинг дарвозасини баравар очиб юборди. Энди Алимардон Тўраевнинг номи кунора радиода янграр, телевизор экранида қошини хиёл чимириб, жилмайиб турган чиройли чеҳраси тез-тез кўриниб қолар, дилрабо овози билан одамларнинг юрагини ларзага солар, ҳар бир уйнинг деразасидан унинг тиниқ овози эшитилар, магнитафон ленталари Алимардоннинг қўшиқлари билан тўлиб кетган эди. Одамлар бир-бирини: “Юринг, фалончининг тўйига Алимардон Тўраев келармиш”, деб шоширишар эди. Ҳа, у камолот поғоналаридан тез, ишонч билан кўтарилиб борарди.
Бугун концерт йўқлиги учун Алимардон уйда қолди. Кун бўйи ўз хонасидан чиқмай янги қўшиқ машқ қилди.
Режиссёр, томошабинлар олдида ўзингизни яхши тутолмайсиз, деб койинганидан буён у тошойна қаршисида туриб, ашула айтишни қайта-қайта ўрганар эди. Ҳозир ҳам худди саҳнага чиққудек енгил одимлар билан юриб, бурчакдаги тошойна олдига келди. Кўзгудаги ўз аксига қараб оҳиста таъзим қилди-да, майин жилмайиб қўйди. Кейинги ойларда у тўлишган, салобатли бўлиб қолган, кўзларида бахтиёрлик нури барқ уриб турарди.
Уйнинг яқинда сирланган, бўёқ иси анқиб турган шифти остида тор садолари титраб кетди. Алимардон торни завқ билан берилиб-берилиб черта бошлади, бармоқлари пардалар устида кўз илғамас илдамлик билан кўчар, гўё куй ўз-ўзидан қуюлиб келарди. Яна бир лаҳзадан кейин тор садоларига унинг ширали овози уланиб кетди:
Дарё тўлқин, сувлар тошқин, ўтолмасман…
Отим ориқ манзилимга етолмасман…
Отгинамни ориқ қилган шу сойнинг тоши,
Рангинамни сариқ қилган ул қалам қоши…
Алимардон қадим замонлардан буён халқ тилидан тушмай келаётган бу сатрларда ўзгача бир жозиба, яширин, иболи туйғулар борлигини дарҳол пайқаб олган, ўзи басталаётган куйда мана шу покиза туйғулар бутун гўзаллиги билан ярқ этиб кўринишини хоҳлар, юрак-юракдан тўлқинланиб айтарди:
Рангинамни сариқ қилган ул қалам қоши…
У ҳамон тор чертаркан, орқа томондан Муқаддам келганини пайқади. Аммо чалишдан тўхтамади. Ниҳоят,