Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» ва Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асарларида ёзилишича, Нуҳ алайҳиссаломнинг уч нафар ўғли бўлган: Хом, Сом ва Ёфас алайҳиссалом. Ёфас алайҳиссаломнинг тўққиз нафар ўғли бўлган, тўнғич ўғлининг оти Туркдир. Ана шу Турк бободан тарқалган авлодлар туркий халқлардир. Ўтган мингликлар давомида қанчалаб туркий уруғлар, қабилалар, элатлар ва халқлар пайдо бўлган, ҳунну, қипчоқ каби туркий халқларнинг номи қолган, холос. Баъзи туркий қабилалар бошқа туркий халқлар таркибига сингиб кетган бўлса, айримлари ўзга эллар томонидан «ўзлаштириб» юборилган. Ҳозирги кунда Ер юзида 30 дан ортиқ туркий халқ ва элатлар бор. Булар: ўзбек, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман, уйғур, татар, бошқирд, қорақалпоқ, ёқут, чуваш, хакас, гагауз (кўк ўғуз), караим, олтой, қўмиқ, нўғой, қрим, болқор ва бошқалардир. Уларнинг кўпчилиги мусулмон динидадирлар. Ёқут, чуваш, гагаузлар насроний динига, асли ватани Қрим бўлмиш караимлар мусовий динидадирлар.
Туркий халқларнинг турмуш тарзлари ҳам, анъанавий касб-корлари ҳам хилма-хилдир, ўтроқлашиш жараёнлари турли даврларда кечган, ҳамон кўчманчи турмуш тарзида давом этаётганлари ҳам бор. Масалан, ёқутларнинг буғучилик билан шуғулланаётган муайян қисми ҳамон кўчманчи тарзда умр кечирадилар. Бу иқлим шароити билан боғлиқдир, албатта.
2011 йилги маълумотларга қараганда, барча туркий халқларнинг умумий сони 280 миллион киши атрофида бўлиб, шундан еттидан бир қисмини, яъни тахминан 40 миллион кишини бизким, ўзбеклар ташкил қиламиз. Шундан 22 миллиони республикамизда, 18 миллиони асосан қўшни давлатлар Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг бизга туташ вилоятларида яшайди. Тожикистонда яшовчи ўзбеклар мазкур республика халқининг 25 фоизини ташкил қилади. Афғонистоннинг бир қатор вилоятларида ўзбеклар ҳам истиқомат қиладилар. Афғонистон Парламентининг қарорига кўра, ўзбек тили бу давлатнинг расмий тили мақомидадир. Туркманистоннинг Чоржўй, Тошҳовуз вилоятларида 500 мингча, Қозоғистоннинг жанубида, Қирғизистоннинг Жалолобод, Ўш вилоятларида ҳам ўзбеклар яшайдилар. Мазкур ҳудудларда уларнинг авлод-аждодлари, боболарининг бобокалонлари минг-минг йиллардан бери яшаб, туп қўйиб, палак ёзиб келмоқдалар, бу ерлар улар учун чин ватан бўлиб қолган, буюк аждодларининг хоки туроблари ҳам