Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Салом Муҳаммад
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-5990-8-6
Скачать книгу
дунёси билан бир бора юзлашгану фарзандларини бўзлатгиси келмай, гўё ортига қайтган. Ўшанда ҳам пойтахтда яшайдиган тўнғич ўғли Нуриддин билан кенжаси Ҳилолага хабар беришга йўл қўймаган. Худди шу аснода Газлида даҳшатли зилзила рўй бергану ташвишга тушган Нуриддин дарҳол йўлга отланган. Онасини шифохонада, оғир аҳволда кўриб, укаларини жиддий койиган.

      – Буларни айблама, бачам, – деган онаси безовталаниб. – Ман қўймадим. Шунча йўлга келиб-кетишни ўзи бўладими? Рўзғоринг катта бўлса. Мана, Худога шукур, ёнимда укаларинг бор, сингилларинг бор.

      – Ҳар кимнинг ўз ўрни бор, онажон. Бошингиз ёстиққа етганда ёнингизда бўлмасам, қандай ўғил бўлдим.

      – Қўй, хафа бўлма, бачам. Мана, энди тузукман. Худо жонимни қайтариб берди.

      – Ҳали тузук бўлганингиз шуми? – Нуриддин эгилиб, онасининг пешонасидан ўпган, кўзлари ёшланган. Онаси ҳам ўнг қўлини унинг елкасига ташлаб, бошини юзига босган:

      – Худога беадад шукур, сани кўриш насиб қилган экан… – онаси бетоқатланган. – Ҳилолани кўрмадим-да… Ухлашга кўз юмсам, дарров қошимга келаверади…

      – Аранг қолдирдим уни. Ишниям, ўқишниям қотиряпти.

      – Кенжагинам… – онаизор кипригидан бир томчи думалаб, ёноғида тўхтади. – Қийналмаёптими? Ариқлаб кетгандир. Ҳар кимни овқатини емаса у нодон…

      – Уни ўйламанг, онажон, қийналгани қўярмидик!

      – Биламан. Уни сангаю янгасига, сизларни Худога топширганман.

      – Кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳадемай кўрасиз.

      – Юборасанми? – онаизор тирсагини ёстиққа тираган, кўзлари ёрқинлашган.

      – Ўзингизни олиб кетаман.

      Онаси толиқадими ёхуд умидсизлик қаърига чўкадими, тирсагини ёстиққа шилқ ташлайди, бир нафас кўзини юмади.

      – Шу аҳволда қаёққаям борардим? – хириллаганнамо овоз чиқади онасининг бўғзидан.

      – Ташвишланманг, то соғайгунингизча кутаман. Самолётда кетамиз. Сира қийналмайсиз. Ўша ёқда дўхтирларга кўрсатаман…

      Шубҳасиз, ўша аҳволда у онасини Тошкентга олиб кетиш иложини қилолмади, волидаи муҳтарама ёнида узоқ вақт қолиб ҳам кетолмади. Ярим йилдан сўнггина у ўз ниятига етди – она ўз тўнғичи ҳамда “халта қоқди”си Ҳилола билан бир ҳаводан нафас ола бошлади. Бироқ бу ҳол ҳам тез “қариди.” Доимо ҳаракатга, кенгликка, қўни-қўшнилар билан мулоқотга ўрганган онаизор беш ойга етмай кетаманга тушиб қолди.

      – Отамни соғиндингизми? – ҳазиллашган бўлди Нуриддин. – Керак бўлса, отамниям олиб келаман.

      – Отанг бу уйларингга бир кундан ортиқ чидамайди.

      Нуриддин отасини эслаб, кулимсиради. У киши ўз ҳовлисидан бошқа ерни тан олмайди. Шундоққина ёнгинасида, яқин атрофларида яшайдиган ўғил-қизлариникида ҳам бирор оқшом ётиб қолмаган. Гўё ўз ҳовлисига ажиб хазина кўмилгану ўшани қўриқлаб ётади, ўшандан куч-қувват олади. Шундай деса, мана, онажони ҳам шаҳарга тоқат қилолмаяпти. Бу ер яшаш учун жуда соз ва қулай бўлишига қарамай ўз ҳовлиси–ўлан тўшаги совқотган кишини ловуллаб ёнаётган гулхан каби ўзига чорлаяпти. Сабаби нимада экан?

      Шуни ўйлаб, Нуриддин яна онасининг