Бу сафар биз станцияга анча барвақт етиб келдик, лекин отларимиз қора терга тушиб кетган эди. Тарози ҳам бўш экан, Дониёр аравадан туша солиб, қопларни таший бошлади. Унинг бунча шошиб-пишиб ишлашига, индамай тумшайиб юрганига ҳайрон эдик. Поездлар ўтганда, Дониёр тўхтаб қолиб, уларнинг орқасидан узоқ вақт қараб турар, негадир чуқур ўйланиб қоларди. Жамила ҳам гўё унинг кўнглидагини билмоқчи бўлгандек, Дониёр боққан томонга қаради. Жамила аравасининг ёнига бориб Дониёрни чақирди:
– Бери кел-чи, Дониёр, қашқа отнинг тақаси тушай деб турибди, шуни юлиб ташлагин.
Дониёр отнинг туёғини тиззалари орасига қисиб, тақани юлиб олиб, қаддини ростлаётганида Жамила секин шивирлади:
– Нима, ҳеч нарсани тушунмайсанми дейман? Ё мендан бошқа қиз-жувон қуриб қолганми.
Дониёр қиё боқди-ю, лекин ҳеч нарса демади.
– Нима, менга осон деб ўйлайсанми? – деди Жамила хўрсиниб.
Дониёр Жамилага меҳр билан боқиб, алланима дедию, лекин мен эшитмай қолдим, чунки юганидан ушлаб турган отим бошини силтаб пишқириб юборди. Дониёр нимадандир мамнун бўлгандек қўлидаги тақани силаб, ўз араваси томон кетди. Мен унга қараб, наҳотки унинг юраги Жамиланинг ҳалиги сўзларидан таскин топди экан, деб ҳайрон бўлардим. Ахир «Менга осон деб ўйлайсанми?» – деган сўзининг нимасига хурсанд бўлади?
Биз қопларни ташиб бўлиб, энди овулга қайтмоқчи бўлиб турганимизда, ҳовлига эгнига ғижимланган эски шинель кийган, елкасига халта илиб олган бир ориқ ярадор солдат кириб келди. Ундан сал олдин станцияга бир эшелон келиб тўхтаган эди. Ҳалиги солдат чор-атрофга аланг-жаланг қаради-да:
– Гуркуров овулидан ким бор?! – деб қичқирди. Бу ким бўлдийкин, деб ўйладим-да:
– Мен Гуркуровдан бўламан, – дедим.
Солдат қувониб кетди-да:
– Кимнинг боласисан, укажон? – деб сўраб олдимга келмоқчи бўлган эди, бирдан Жамилага кўзи тушиб, турган жойида донг қотиб қолди.
– Кариммисан? – деди Жамила шодланиб.
– Вой, Жамила, сингилжоним! – деб солдат Жамиланинг ёнига югуриб бориб, у билан қўш қўллаб кўриша кетди.
Бу келган йигит Жамиланинг узоқ қариндоши, ҳамқишлоғи экан.
– Буни қара, худди билгандек шу ёққа қайрилибман-а! – деди у ҳаяжон билан, – Содиқнинг ёнидан чиққанимга атиги беш кун бўлди, госпиталда у билан бирга ётдик, Худо хоҳласа, у ҳам бир-икки ойда келиб қолади. Мен келаётганимда хотинингга хат ёзиб бер, ўз қўлим билан топширай, деб хат ёздириб олгандим… Жуда яхши қилган эканманда, мана, омонатингни ол! – деб хурсанд бўлиб, солдат шинелининг ичидан учбурчак хатни олиб, Жамилага узатди. Жамила хатни шоша-пиша олди-да, қувонганиданми ё уялганиданми, аввалига қизариб, сўнгра ранги қув ўчиб, индамай Дониёрга кўз қирини ташлади. У бояги хирмондагидек оёқларини кериб, аравасининг ёнида ёлғиз тураркан, Жамилага