Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
мана оқибати нима бўлди. Йўлчибой ота шармандайи шармисор бўлди. Қани кетдик, бу саёқ ит, чала қозоқни ушлаб бўйнини узмасам, отимни бошқа қўяман. Ўн йилга кесилсам, кесиламану, лекин ҳар қандай ялангоёқнинг хотинларимизни олиб кетишига йўл қўймайман. Қани кетдик, йигитлар. Қаерга ҳам борарди дейсан?

      Улар қайси томонга кетишаркин деган фикр хаёлимдан ўтдию, юрагим шув этиб, аъзои баданим музлаб кетди. Нима қиларимни билмай, отлиқларнинг орқасидан мен ҳам овул чеккасигача югуриб бордим-да, уларнинг разъезд томонга эмас, станцияга олиб борадиган катта йўл томонга қараб бурилиб кетганларини кўриб, кўнглим ўрнига тушди. Сўнгра уйга қайтиб келдим-да, йиғлаганимни ҳеч ким билмасин деб, отамнинг тўнига ўралиб ётдим.

      Овулда ҳар хил миш-миш гаплар тарқалди. Ҳамма хотинлар Жамилани қоралашарди:

      – Аҳмоқда! Ақли бўлса туз ичган жойига туфлаб, санқиб юрган бир мусофирга эргашиб кетармиди.

      – Шунисига куяман-да! Унинг нимасига қизиқди экан дейман-да! Эски шинели билан тешик этигидан бўлак ҳеч балоси йўқ эди-ку!

      – Қўтон-қўтон қўйи бормиди! Уйи йўқ, жойи йўқ, насл-насаби бетайин бир дайди-да! Майли, уволи ўзига, ҳали аттанг дейди… Бу танноз хотиннинг ҳолини ўшанда кўрармиз.

      – Тавба, Содиқдан ортиқ эрни топиб бўпти.

      – Қайнонасини айтмайсанми, қайнонаси-чи? Бундай ювош қайнонани қаердан топади! Ўзига ўзи қилди жувонмарг, майли!

      Бурунги янгамни, Жамилани қораламай, унинг қилмишини тўғри деб топган ёлғиз мен бўлсам керак. Дониёрнинг эски шинели билан тешик этигидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам, лекин унинг маънавий бой, қалби юксак одамлигини мен билмаганда ким билади. Жамила Дониёрнинг этагини ушлаб кетиб, ўз бахтини топтади, деган гапларга ишониш у ёқда турсин, аксинча, мен, у ўз бахтини энди топди, деб ишонардим. Фақат ойимга ачинардим, холос. Жамила билан бирга унинг бутун куч-қуввати кетгандек. Ойим ғамгин бўлиб, ўзини анча олдириб, қадди букилиб қолди. Оҳ, бечора ойим! Ҳаёт оқими баъзида эскилик илдизига шафқатсиз болта уриб, янги бахт сари интилишини ойим тушунмаса керак-да. Агар бўрон азим чинорни таг-томири билан қўпориб ташласа, у қайтиб қаддини ростлаёлмайди… Ойимнинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан унинг олдинги куч-қуввати қолмаганлиги сезилиб турарди. Илгарилари у ҳеч кимдан игнага ип ўтказиб беришни илтимос қилмас, қарилик ғурури бунга йўл қўймас эди. Бир куни уйга кириб келсам, ойим игнанинг кўзини тополмай, қийналиб йиғлаб ўтирибди.

      – Ма, ипни ўтказиб бер-чи! – деди у қалтираган қўллари билан игна ва ипни менга узатиб. Сўнгра оғир хўрсинди-да, кўз ёшларини артиб, ўзича минғирлади: – Ээ, шўрлик келиним, кўра-била туриб ўзингни ўтга ташладинг-а. Уйимизнинг тўри сеники, еганинг олдингда, емаганинг кетингда эди… Ўзингни ўзинг жувонмарг қилдинг… Бизни доғда қолдириб кетдинг… Нега кетдинг? Уйимизда нима камчилик кўрдинг… Шўрлик Жамила…

      Ойимнинг шундай мунғайиб ўтирганини кўриб, ўзимни тутолмай, беихтиёр: «Йўқ, ойи, у шўрлик эмас!» – деб қичқириб юборгим келдию, лекин ўзимни босдим. Ойимни маҳкам қучоқлаб, Дониёрнинг кимлигини, уни жонимдан азиз