Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
Жамила доимо чуқур ўйга толар, лабларида билинар-билинмас табассум ўйнаб, у фақат ўзигагина маълум бўлган аллақандай латиф бир нарсадан ҳузур қилаётгандек, ундан суюнаётгандек туюларди. Баъзан эса аксинча, хаёлини бир нарса бузгандек, қопни аравадан елкасига силкиб олиб, шу турганича қотиб қоларди. У шу туришида, гўё қутуриб оқаётган сувга дуч келиб, уни кечиб ўтишини ҳам, ўтмаслигини ҳам билмай лол бўлиб турган одамга ўхшарди. Дониёрга эса у нима учундир яқин йўламай, унинг кўзига тушишдан қочиб, четлаб юрди. Жамила ўзини уни аввалгидек назарга илмаётгандек қилиб кўрсатишга қанчалик уринмасин, охири бир куни сабри чидамай хирмонда Дониёрга гап отди.

      – Устингдан кўйлагингни ечсанг бўларди. Ювиб берардим.

      Кўйлакни сойга олиб бориб ювди-да, қуритиш учун ёзиб қўйиб, буришган жойларини текислаган бўлиб уни анча вақтгача меҳр билан силади. Кўйлакнинг тўзиган жойларини қуёшга тутиб маъюс тикилар, нимадандир койингандек бошини чайқаб қўярди.

      Кейинги кунларда Жамила бир оз очилиб, қаҳқаҳ уриб куладиган, ҳазилҳузул қиладиган бўлди. Бир куни беда ўроғидан келишаётган бир тўп қиз-жувонлар билан йигитлар хирмонга бурилишди. Ораларидаги армиядан қайтиб келган йигитлар:

      – Ҳой қизлар, буғдой нонни ўзларинг еяверасизларми, қани, бизнинг улушимизни беринглар, бўлмаса ҳаммангни сувга пишамиз! – дейишди ҳазиллашиб ва паншахаларини ўқталишди.

      – Бизларни паншахалар билан қўрқитолмайсизлар. Мана бу қиз-жувонларни нима билан меҳмон қилишни ўзим биламан, сизлар туёқларингни шиқиллатиб қолинглар,– деди Жамила ўрнидан сапчиб туриб.

      Йигитларнинг ҳафсаласи пир бўлди шекилли:

      – Ундай бўлса, қиз-жувонинг билан барингни қўшиб сувга пишамиз, – дейишди баттар ўчакишиб.

      Шу заҳотиёқ тапир-тупур олиша кетган ёшлар шовқин-сурон кўтаришиб, бир-бирини сувга итара бошлашди.

      – Ушла, қўйиб юборма! – деб қичқирарди Жамила, ҳеч кимга бўш келмай, усталик билан чап бериб. Йигитлар ҳам шунча қиз-жувоннинг ичида фақат Жамилани кўзлари кўргандек, нима учундир, ҳаммаси ҳам унга ёпишар, тортқилашар, ҳар бири уни қучоқлаб, бағрига босишга ҳаракат қиларди. Мана, уч йигит биргалашиб Жамилани ерга йиқитишди-да, оёқ-қўлидан кўтариб, сув бўйига олиб боришди.

      – Ҳозир ҳаммамизни ўпасан, бўлмаса сувга ташлаймиз! Қани, бўл тез! – дейишиб хохолаб кулишган йигитлар уни энкайтира бошладилар.

      – Қўйманглар, йигитлар, бўш келманглар!

      Ичаги узилиб кулган Жамила балиқдек сирғаниб, қўлдан чиқиб кетар, хотинларни ёрдамга чақириб қичқирар, лекин улар қий-чув кўтаришиб, ўзларининг сувда оқиб бораётган рўмолларини ушлаш билан овора эдилар. Йигитлар хохолашиб Жамилани сувга отиб юборишди, осмонга сачраган сув томчилари худди кумуш доналаридек товланар эди. Ҳали ҳам кулгидан ўзини тўхтата олмаган Жамила сувдан чиқиб келар экан, унинг тўзғиган ҳўл сочи яна ҳам чиройига чирой қўшиб юборган эди. Чит кўйлаги баданига ёпишиб, сийнаси олмадай диркиллаб турарди.