Моррининг сешанба дарслари. Митч Элбом. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Митч Элбом
Издательство: ZABARJAD MEDIA
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-7083-1-0
Скачать книгу
мени қучоқлаб кўришаётганди, унинг сийраклашиб қолган сочлари юзимга тегиб турарди. “Тушиб кетган калитимни қидираётгандим, шунга машинадан чиқишим қийин бўлди” деб айтдим ва уни маҳкамроқ бағримга босдим, худди шу билан кичкина ёлғонимни эзғилаб ташлай оладигандек. Баҳор қуёши илиқ нур таратиб турган бўлса ҳам, Морри устига енгил куртка кийиб, оёқларини ёпинчиқ билан ўраб олганди. Ундан бироз ачимсиқ ҳид келарди, одатда, куни дори-укол билан ўтаётган кишилардан шундай ҳид таралади. Юзи юзимга яқин келганида унинг нафас олиши ҳам қийинлашиб қолганини сездим.

      – Қадрдон дўстим, – шивирлади у. – Ва ниҳоят қайтдинг-а!

      Морри томон эгилиб турарканман, у мени ҳеч қўйиб юборгиси келмас, билакларимдан тутиб оҳиста чайқаларди. Шунча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам профессорнинг мени бунчалик илиқ қарши олишидан бироз шошиб қолдим: ўтмишим ва ҳозирим ўртасига қурилган тош девор туфайли бир пайтлар қанчалик яқин бўлганимизни бутунлай унутиб юборгандим. Битирув оқшоми, чарм портфель, хайрлашаётганимизда унинг кўзлари ёшлангани ёдимга тушди ва бўғзимга нимадир тиқилгандек ютиниб қўйдим, чунки мен ортиқ у билган содда, иқтидорли талаба йигитча эмаслигимни ичичимдан ҳис этиб турардим.

      Яқин бир неча соат ичида у ўзгариб кетганимни пайқамайди, деб умид қилардим.

      Уйга киргач овқатланиш хонасидаги ёнғоқ дарахтидан бўлган стол ёнига ўтирдик. Деразадан қўшнининг уйи кўриниб турибди. Морри аравачасида типирчилаб, қулайроқ жойлашиб олишга уринди. Одатдагидек у мени таом билан сийламоқчи бўлди, рад этолмадим. Ёрдамчиларидан бири, Конни исмли бақувват итальян аёл нонни кесиб, помидор тўғраб берди. Бир нечта идишда товуқли салат, хумус ва табули келтирди. Кейин эса бир қанча ҳапдориларни олиб келди.

      Морри дориларга қараб, чуқур хўрсинди. Унинг кўзлари анча чўккани, озиб кетганидан ёноқ суяклари бўртиб қолгани эътиборимни тортди. Бу ўзгаришлар уни янада қарироқ ва дағалроқ қилиб кўрсатарди. Фақат у табассум қилганида осилиб қолган ёноқлари пардадек йиғилиб, дағаллик қаергадир йўқоларди.

      – Мич, – деди у. – Ўлаётганимдан хабаринг бор, деб ўйлайман.

      Албатта, бундан бохабар эдим.

      – Нима ҳам дердим, – Морри ҳапдориларни ютиб, қоғоз стаканни столга қўйди ва чуқур тин олди. – Сенга бу ҳақида гапириб берайми?

      – Нима ҳақида? Ўлиш қандайлиги ҳақидами?

      – Ҳа, – деди у.

      Шу тарзда профессор билан сўнгги фандан дарсларимиз бошланган, фақат ҳали мен бундан бехабар эдим.

      Университетда биринчи курсман. Моррининг ёши университетимиз профессорларининг кўпчилигиникидан улуғроқ, меники эса мактабни бир йил эртароқ битирганим учун курсдошларимникидан кичикроқ. Ёшимни яшириш мақсадида эски кулранг жемферлар кияман, спортзалда бокс билан шуғулланаман, чекмасам-да, доим лабимга ёқилмаган сигарет қистириб юраман. Тўкилиб қолган “Меркурий Кугар” машинамнинг ойналарини тушириб, мусиқани баланд қўйиб ҳайдайман. Мен ўзлигимни дағалликдан изласамда, Моррининг юмшоқфеъллиги мени ўзига тортади. У менга ёш боладек