Моррининг сешанба дарслари. Митч Элбом. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Митч Элбом
Издательство: ZABARJAD MEDIA
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-7083-1-0
Скачать книгу
ўлимдан кейинги ҳаёт тўғрисида суҳбатлашишди. Моррининг тобора бошқалар ёрдамига муҳтож бўлиб бораётгани ҳақида гапиришди. Унга овқатланиш, ўтириш, бир жойдан иккинчи жойга ўтиш учун ҳам кимнингдир ёрдами зарур эди.

      – Сездирмасдан, секинлик билан жисмингизни емириб бораётган жараённинг сиз учун қўрқинчли жиҳати нимада? – сўради Коппел.

      Морри бироз жим қолди. Кейин эса бу нарса ҳақида телевидение орқали гапириш ўринлимикан, деб сўради.

      – Албатта, гапираверинг, – ундади Коппел.

      Морри Америкадаги энг таниқли телебошловчининг кўзларига тик қаради.

      – Нима ҳам дердим, яқин кунларда кимдир орқамни артиб қўйишига ҳам муҳтож бўлишим аниқ.

      Кўрсатув жума куни тунда эфирга узатилди. Уни Вашингтонда ёзув столи олдида ўтирган Тед Коппелнинг залварли овози бошлаб берди.

      – Морри Швартс ким? Ва нима сабабдан оқшом якунига қадар кўпчилигингиз у ҳақида яқин инсонингиздек қайғура бошлайсиз?

      Вашингтондан минглаб чақирим узоқликда, тепаликдаги уйимда одатдагидек каналларни алмаштириб ўтирардим. Телевизор қутисидан жаранглаган “Морри Швартс ким?” деган сўзларни эшитиб, қотиб қолдим.

      1976 йилнинг баҳори, Морри бизга ўтган биринчи дарс. Моррининг кенг хонасига киришим билан девор бўйлаб жойлаштирилган жавонларнинг токчалари саноқсиз китобларга тўлиб ётгани диққатимни тортади. Жамиятшунослик, фалсафа, дин ва руҳшуносликка оид китоблар. Хонанинг паркет полига катта гилам тўшалган, деразадан кампус йўлаги кўриниб турибди. Синфда ўн иккитача талаба дарслар режаси ва дафтарларини титкилаб ўтиришибди. Кўпчилигининг устида жинси шим ва катакли фланел кўйлак, оёқларида эса малларанг пойабзал. Гуруҳдаги талабаларнинг ҳаммаси шу бўлса, дарс қолдириш осон бўлмайди, деган фикр хаёлимдан ўтади. Балки бу фандан воз кечганим яхшидир.

      – Митчел, – дейди давомат варақасини ўқиётган Морри. Қўлимни кўтараман.

      – Мич деб чақираверайми ёки Митчел яхшироқми?

      Ҳали бирор марта ўқитувчилар менга бундай савол бермаган. Бўйни узун сариқ жемфер ва чийдухоба шим кийиб олган, кумушранг сочлари пешонасига тушиб турган одамчага диққат билан тикиламан. У жилмаяди.

      – Мич, – деб жавоб қайтараман. – Дўстларим мени шундай чақиради.

      – Майли, Мич бўлақолсин унда, – дейди Морри гўёки келишувни якунлаётган кишидек. – Айтганча, Мич?

      – Лаббай?

      – Бирор кун мени ҳам дўст деб биласан деган умиддаман.

      Учрашув

      Бостон ташқарисида жойлашган сокин Ғарбий Ньютон шаҳарчасида ижарага олинган машинани Моррининг кўчасига бурар эканман, бир қўлимда қаҳва финжонини тутиб, қулоқ ва елкам орасига эса қўл телефонимни қистириб олгандим. Телефон орқали продюсер билан телевидение учун биргаликда тайёрлаётган кўрсатувимиз ҳақида гаплашаётгандим. Бир кўзим машинанинг рақамли соатида (бир неча соатдан кейин ортга учишим зарур эди), иккинчиси эса икки четига қатор дарахтлар экилган кўча бўйлаб тизилган почта қутиларининг рақамларида эди. Машина радиоси