Ой ва сариқ чақа. Уильям Сомерсет Моэм. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Уильям Сомерсет Моэм
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-20-893-3
Скачать книгу
Шу туфайли ҳам бундай ташрифдан ҳозирча воз кечиб турган маъқулроқ. Бошқа томондан эса, эҳтимол, у бу тарихни бутунлай сир тутишни хоҳлар, мен эса бу ғалати воқеани эшитганимни унга билдириб қўйсам одобсизлик қилган бўларман. Мен ҳаммадан ҳам ажойиб аёлнинг туйғуларини ҳақоратлаб қўймасмикинман, деб андиша қилардим, хира бўлиб кўринишдан қўрқардим. Табиийки, у жудаям изтироб чекаётганди. Ёрдам бера олмаганингдан кейин бировнинг қайғусига қандай қараб турасан? Гарчи шундай бўлса-да, менинг қизиқувчанлигим аёл ўз бошига тушган ташвишга қандай чидаётганини билишга ундарди. Бир сўз билан айтганда, мен жудаям гангиб қолгандим. Кейин мен ҳеч нима бўлмагандай, уникига бораману хизматкор орқали Стрикленд хоним мени кўришни исташ-истамаслигини аниқлайман, деган қарорга келдим. Бу унга мени кўришни хоҳламаса қабул қилмаслик имконини берарди. Хизматкорга олдиндан тайёрлаб қўйган сўзларимни айтаётганимда ҳам саросимада эдим. Даҳлизда жавоб кутаётганимда ҳам аввалдан жуфтакни уриб қолмаслик учун ўзимни зўрлаб ушлаб турардим. Хизматкор йўлдан қайтди. Назаримда, у бу хонадонда рўй берган барча кўнгилсизликлардан хабардордай эди.

      – Мана бу уйга киринг, жаноб, – деди у.

      Мен унинг кетидан меҳмонхонага кирдим. Уй пардалари қарийб туширилган эди. Стрикленд хоним деразага орқа ўгириб ўтирарди. Унинг куёви, полковник Мак-Эндрю камин олдида исиниб турарди. Мен ўзимни жудаям ноқулай сездим. Бу ерда пайдо бўлишим, назаримда, уларни саросимага солиб қўйди ва Стрикленд хоним мени қабул қила олмаслиги ҳақидаги хатни жўната олмаганлиги туфайлигина меҳмонхонасида кутиб олаётгандай туйилди. Полковник ҳам менинг бостириб кирганимдан ғазабда бўлса керак, деб ўйладим.

      – Ҳозир мени қабул қилишингизга унчалик ишонмагандим, – дедим ясама самимийлик билан.

      – Нега қабул қилмас эканман? Эмми ҳозир бизга чой келтиради, – жавоб қилди у.

      Ҳатто нимқоронғи хонада ҳам Стрикленд хонимнинг кўзлари йиғидан шишиб, доим оппоқ кўринадиган юзлари қандайдир ўзгариб қолганини фаҳмладим. – Сиз менинг куёвим билан танишсиз, шекилли. Баҳорда бизникида кўришган эдингизлар.

      Биз қўл бериб кўришдик. Мен шунчалик ўзимни йўқотиб қўйдимки, нима дейишни ҳам билмасдим, лекин Стрикленд хоним мушкулимни осон қилди. У ёзни қандай ўтказганим билан қизиқди, чой келгунгача хонимнинг ёрдамида гапга сал-пал аралашиб турдим. Полковник эса ўзига содали виски келтиришларини илтимос қилди.

      – Сизга ҳам виски ичишни маслаҳат бераман, Эмми, – деди у.

      – Йўқ, мен чой ичмоқчиман, – рад этди Эмми.

      Бу қандайдир кўнгилсизлик рўй берганлигига дастлабки ишора эди. Мен ўзимни эшитмаганга олдим ва Стрикленд хонимни суҳбатга жалб этишга уриндим. Камин ёнида турган полковник миқ этмади. Ичимда қачон кетишим лозимлигини чамалаб турардим. Стрикленд хоним нима сабабдан уйида қабул қиляпти, деб ўз-ўзимга савол берардим. Меҳмонхонада гуллар кўринмас, ёзда йиғиштириб қўйилган безак буюмлари ҳам ҳалигача ўз ўрнига жойлаштирилмаганди. Одатда,