Ой ва сариқ чақа. Уильям Сомерсет Моэм. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Уильям Сомерсет Моэм
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-20-893-3
Скачать книгу
Уотерфорднинг тилини худди заҳарли илон, дейсиз. Ҳеч ким учалик сўз билан чақиб ололмайди. Шу билан бирга, ҳеч ким унчалик ёқимли сўзларга уста эмасди.

      Стрикленд хонимнинг яна бир хусусияти менга ёқарди – ораста яшашни биларди. Унинг уйи доимо саранжом-саришта ва озода эди. Ҳамма ёқда анвойи гуллар кўзга ташланади. Меҳмонхонага қалин ип газламадан дарпарда осилган. Хона анча сипо кўринса-да, ёруғ ва шинам эди. Таомлари дид билан ва мазали тайёрланарди. Ихчамгина ошхонасидаги стол чиройли идиш-товоқлар билан безатилган. Иккала хизматкор ҳам ғоят башанг кийинишган, кўриниши ёқимтой. Стрикленд хоним ажойиб уй бекаси эканлиги шундоққина кўриниб турибди. Табиийки, у ажойиб она ҳам. Меҳмонхонани болаларининг расмлари безаб турибди. Ўн олти ёшлардаги ўспирин ўғли Роберт Регбида ўқирди. Бир суратда у спорт костюмида, бошқасида тик ёқали камзулдаги кўриниши тасвирланганди. У ҳам худди онаси сингари кенг пешонали бўлиб, чиройли, ўйчан кўзлари қандайдир маъноли боқарди. У озода, соғлом ва қобилиятли ўспириндек таассурот қолдирарди.

      – Уни жудаям ақлли, деб ўйламайман, – деди Стрикленд хоним бир куни суратга тикилиб турганимни пайқаб, – лекин у софдил ва ёқимли бола. Қизи ўн тўртга чиққанди. Унинг онасиники сингари қоп-қора ва қуюқ сочлари тўлқин-тўлқин бўлиб елкасига тушиб турарди. Юзлари самимий, кўзлари беташвиш эди.

      – Уларнинг ҳар иккаласи қуйиб қўйгандай ўзингиз, – дедим мен.

      – Ҳа, улар отасига қараганда кўпроқ менга ўхшашади.

      – Нега мени шу пайтгача эрингиз билан таништирмадингиз?

      – Сиз у билан танишишни хоҳлайсизми?

      У кулиб қўйди – унинг кулгиси ҳақиқатан жуда чиройли эди – қизариб кетди. Мен унинг ёшидаги аёлнинг салгина нарсага қизаришидан ҳайрон қолардим. Лекин соддалик унинг етакчи жозибаси эди.

      – У адабиётга тамомила бегона, тор фикрли одам, – деди у.

      Хонимнинг сўзларида менсимаслик оҳанги йўқ эди. Аксинча, уни ўз дўстларидан ҳимоя қилгандай мулойимлик билан гапирди.

      – У биржада ишлайди, одатдаги биржа даллолларидан бири. Сиз у билан гаплашсангиз, зерикиб ўласиз.

      – Сизга ҳам у билан яшаш зерикарлими?

      – Йўқ, ахир мен унинг хотиниман-ку. Мен унга жуда ўрганиб қолганман.

      У хижолатини яшириш учун кулимсираб қўйди. Назаримда, у Роза Уотерфордга ўхшаб бирор ҳазилни айтиб юборишдан чўчиётгандек туйилди. Жим бўлиб қолди. Кўзларида қандайдир назокат ва ёқимтойлик учқунлари ялтиллагандай бўлди.

      – У ўзини даҳо деб ҳисобламайди, ҳатто биржада ҳам унчалик кўп даромад қилмайди. Лекин ҳайратда қоладиган даражада яхши ва самимий одам.

      – Ўйлайманки, у менга ёқиб қолади.

      – Мен бирор куни оилавий даврадаги овқатланишга сизни таклиф этаман. Лекин зерикиб қолгудай бўлсангиз, ўзингиздан кўринг.

      Олтинчи боб

      Шундай шароит рўй бериб, ниҳоят, Чарлз Стрикленд билан учрашганимиздан кейин ҳам у билан дурустроқ таниша олмадим. Бир куни эрталаб Стрикленд хонимнинг қисқагина хатини келтириб беришди. Унда