– Ўн етти йил? Бу билан нима демоқчисиз?
– Турмуш қуришганига ўн етти йил бўлди, – кескин жавоб берди. – Менга Стрикленд ҳеч қачон маъқул бўлмаган. Албатта, у божам бўлгани учун ҳеч нарса дея олмас эдим. Ёки сиз уни назокатли одам, деб ҳисоблайсизми? Аслида, Эмми унга турмушга чиқмаслиги керак эди.
– Улар бутунлай ажраб кетишдими?
– Расман ажралишлари қолди, холос. Мен «Дарҳол ажралиш тўғрисида ариза ёзинг, Эмми! Бу сизнинг ўз олдингиздаги ва болаларингиз олдидаги бурчингиз», дедим. Яхшиси, у менинг кўзимга мутлақо кўринмасин. Акс ҳолда таъзирини бериб қўяман.
Хаёлимга бу иш полковник Мак-Эндрюга унчалик осон бўлмаса керак, Стрикленд бақувват одам-ку, деган фикр келса-да, индамай қўя қолдим. Яхши фазилатли кишилар бошқалар томонидан ранжитилсалар ҳам гуноҳкорларни қарғамасликлари ёдимга тушди. Мен иккинчи маротаба кетишга чоғланиб турганимда Стрикленд хоним кириб қолди. У кўз ёшларини артишга, юзига салгина упа сепиб, ўзини эпақага келтиришга улгурганди.
– Ўзимни тута олмаганимга афсусдаман, – деди у. – Яхшиямки, сиз кетиб қолмабсиз.
У ўтирди. Мен энди тамомила эсанкираб қолгандим. Менга алоқадор бўлмаган нарса тўғрисида гаплашиш тамомила ноқулай бўлаётганди. Мен ўша пайтларда хотин-қизларнинг энг катта қусури – шахсий ишларини дуч келган одам билан қизғин муҳокама қилавериши эканлигини билмасдим. Стрикленд хоним, афтидан, ўзини тутиб олишга уринаётганди.
– Бу ҳақда кўп гаплашишяптими? – сўради у.
Оила бошига тушган мусибатдан хабардорлигимга унинг қатъий ишончи мени саросимага солиб қўйди.
– Мен эндигина дам олишдан қайтдим. Роза Уотерфорддан бошқа ҳеч кимни кўрмадим.
Стрикленд хоним қўлларини бир-бирига қовуштириб сўради:
– Ундан ниманики эшитган бўлсангиз, ҳаммасини гапириб беринг.
Мен жим турардим, лекин у айтишга мажбур қилди.
– Ҳар қанча оғир бўлмасин, мен бу гапларни билишни хоҳлайман.
– Унинг гап сотиб юришини яхши биласиз-ку. Унинг сўзларига ишониб бўлмайди. Эрингиз сизни ташлаб кетганини айтди, – дедим уни тинчлантириш учун.
– Бор гап шуми?
Мен Роза Уотерфорд билан хайрлаша туриб, қаҳвахонадаги қиз ҳақидаги гапини айтишни лозим топмай, ёлғон сўзладим.
– У эрим қандайдир аёл билан жўнаб кетганини гапирмадими?
– Йўқ.
– Мен билмоқчи бўлган нарса шу эди.
Бошим қотиб қолган эди, лекин шундай бўлса-да, кетишим лозимлигини фаҳмладим. Хайрлашаётганимда Стрикленд хонимнинг хизматига доимо тайёрлигимни айтдим. У маъюс жилмайди.
– Ташаккур сизга. Лекин мен учун бирор нарса қила оладиган одам топилмаса керак.
Ҳаддан ташқари уятчан бўлганлигим туфайли хонимга ҳамдардлик ҳам билдира олмадим, хайрлашмоқчи бўлиб полковник томонга ўгирилдим. Лекин у қўлимни сиқиб хайрлашмади.
– Мен ҳам кетаман. Агар сиз Виктория-стрит бўйлаб юргудай бўлсангиз, йўлда ҳамроҳ бўламиз.
– Жудаям