– Бирор сатанг билан қочиб қолган эркак қандай сабаб ҳам кўрсатарди. Эҳтимол, хотинимнинг ўзи бунинг фаҳмига етар, деб ўйлагандир. Мана шунақа ярамас одам у.
– Стрикленд хоним энди нима қилмоқчи? – савол билан юзландим полковникка.
– Аввало, бу иш ҳужжат билан тасдиқлансин-чи. Ўзим Парижга бориб келмоқчиман.
– Идораси нима бўлди?
– Идорасида ҳам жуда айёрона йўл тутган. Йил мобайнида кетишга тайёрланган.
– У жўнаб кетиши тўғрисида шеригини огоҳлантирибдими?
– Буни хаёлига ҳам келтирмабди.
Полковник Мак-Эндрю савдо масалаларида кўп нарсаларга ақли етмасди, мен эса бу ишлардан тамомила бехабар эдим. Шунинг учун ҳам Стрикленд ўз ишларини қай аҳволда ташлаб кетганини тушунмадим. Мак-Эндрюнинг гапига қараганда, ташлаб кетилган шериги ғоят ғазабда экан, Стриклендни судга беришини баён этибди.
– Кўринишидан бу машмаша унга беш юз франкларга тушса керак, – истеҳзо билан қўшиб қўйдим.
– Худога шукрки, уй жиҳозлари тағинам Эмми қарамоғида. Унга шуларгина қолади.
– Сиз хоним бир чақасиз қолди, деганингизда бу нарсалар ёдингиздамиди?
– Албатта, ёдимда эди. Унга икки юз ёхуд уч юз фунт пулию мана шу мебеллар қолди.
– Лекин улар энди қандай қилиб тирикчилик ўтказишади? – полковникнинг юзидан ачиниш аломатлари сезилиб турарди.
– Бу ёлғиз Оллоҳгагина маълум.
Ҳаммасини, чамаси, ақл билан идрок этса бўларди, аммо дарғазаб полковник ўз сўзлари билан мени чалкаштириб юбораётганди. У Армия ва Флот дўкони олдидаги соатга қараб, клубда карта ўйнайдиган шериклари кутиб туришгани эсига тушиб, мени Цент-Жеймс боғига ёлғиз боришимга имконият яратиб берганидан жуда хурсанд бўлиб кетдим.
Ўнинчи боб
Орадан бир-икки кун ўтгач, Стрикленд хоним менга хат юбориб, кечқурун уникига киришимни сўрабди. Уйига кириб борганимда ёлғиз ўтирган экан. Роҳибаларники сингари қоп-қора оддий кўйлак бошига тушган оғир мусибатдан белги эди. Юрагидаги шунча ғам-ғусса билан ўзини тутиб ўтирганига ҳайрон қолдим.
– Сизга бирор илтимос билан мурожаат этгудай бўлсам, уни бажаришга ваъда бергандингиз, шекилли? – деди хоним.
– Ҳа, албатта.
– Парижга бориб, Чарли билан учрашиб келишга розилик бера оласизми?
– Менми? – таажжуб билан унга боқдим.
Бу гапдан лол бўлиб қолгандим. Ахир мен уни бир мартагина кўргандим, холос. Хоним менга қандай топшириқ беришни мўлжаллаяптийкин?
– Фред у ёққа бормоқчи. (Фред полковник Мак-Эндрю эди.) Лекин мен аминманки, унинг бориши жоиз эмас. У ҳамма ишни фақат чалкаштириб юборади. Бу нарсани кимдан илтимос қилишни билмай турибман.
Унинг овози салгина титраб чиқди. Мен томондан бир сония бўлсин