СЎЗ. Одил Ёқубов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Одил Ёқубов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-623-0
Скачать книгу
энг мукаммал образлардан бири! Бу образ Абдулла Қодирийнинг улкан реалист ёзувчи эканлигидан далолат беради. Романга ниҳоятда ҳаётий бир руҳ киритади. Гарчи, эпизодик бўлса-да, Азизбек, Мусулмонқул чўлоқ ва Хушрўйбиби тўғрисида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Романда бу образлар бўлмасинчи ёки улар сал бошқачароқ, майинроқ бўёқлар билан чизилган бўлсин-чи, Отабек-Кумуш фожиаси эҳтимол оддий мелодраматик бир воқеага айланиб қоларди!..

      «Ўткан кунлар»нинг «Қудаларни кутиб олиш» бобида шундай бир жумла бор: «Кумуш салом берди ва қўлидаги паранжисини ерга ташлади, югуриб келиб ўзини Ўзбек ойимнинг қучоғига отди. Ўзбек ойим ҳам уни маҳкам сиқиб қучоқлаб олган, юзидан шап-шап ўпиб, айланиб, ўргилар ва тикилиб-тикилиб нима учундир йиғлар эди…»

      Гарчи ёзувчи бу ўринда «нима учундир» сўзини ишлатса ҳам, китобхон Ўзбек ойимнинг «нима учун йиғлашини» жуда яхши тушунади.

      Ўзбек ойимдай софдил аёл Кумушнинг гўзаллигини, унинг бўлакча жозибасини, тортинчоқ, уятчан табассумини кўрганида ўзининг ноҳақлигини, унга нисбатан қилган адолатсизликларини, уни бахтсиз қилиб қўйганини тушунмаслиги мумкин эмас эди. Ўзбек ойим, соддадил аёлларга хос бир сезгирлик билан буни тушунган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, кўзёши тўкар ва бу билан Кумушдан кечирим сўрар эди…

      Бир китобхон сифатида буни мен ҳам сезаман ва беихтиёр кўзимга ёш оламан… Ёзувчининг маҳорати деб, ўз қаҳрамонининг дилини билиши деб – мана буни айтадилар!..

      Одатда, Кумушнинг ўлими тўғрисида, тўғрироғи, китобхон буни сеза бошлаши ҳақида гап кетганда Зайнаб билан Хушрўйбибининг суҳбатини, баъзан Отабекнинг тушини эслайдилар. Лекин мен бу фожиани Кумушнинг Тошкентга келиши тасвирланган саҳифаларданоқ ҳис этаман.

      Бу саҳифаларни – романнинг энг тиниқ, энг ажойиб жойлари деса бўлади. Қудаларнинг кутиб олиниши, яна тўғрироғи Юсуфбек ҳожининг Ўзбек ойим ва Отабек билан, Отабекнинг эса Зайнаб билан суҳбати, сўнг қудалар зиёфати, Отабек билан Кумушнинг яширинча учрашуви, Кумушнинг сўз ўйинлари, ёлғиз қолган икки кундошнинг аччиқ кинояларга тўла сўзлашуви, ниҳоят, Офтоб ойим билан Кумушнинг видолашув кечалари шундай зўр реалистик бўёқлар билан чизилганки, сиз ҳар бир одамни кўриб турасиз, гўё бу суҳбатларда иштирок этасиз, дам куласиз, дам ачинасиз, дам маъюс туйғуларга чўмасиз. Айни замонда, ҳар бир қаҳрамоннинг дард-ҳасратини, ўйларини, улар ҳам сизга ўхшаган оддий одамлар эканини чуқурроқ тушунасиз. Бу саҳифалар фақат улуғ ёзувчиларгагина муяссар бўладиган бўлакча бир куч билан ёзилган, қандайдир куз офтобидай тиниқ ва илиқ нурга йўғрилган. Лекин куз қанчалик илиқ бўлмасин, келаётган қишнинг дараги сезилгандай бу саҳифаларда ҳам бўлажак фожианинг совуқ нафаси сезилиб туради. Гарчанд ёзувчи келажакда рўй берадиган фожиа ҳақида бир оғиз бир нима демаса-да, сиз буни негадир сезасиз, худди инсон ўзини кутаётган бахт ва бахтсизликни олдиндан сезганидек, ёмон бир нарсалар рўй беришини олдиндан ҳис қиласиз. Шунинг учун ҳам бу саҳифалар сизни тиниқ ва ҳазин куйдай титратади.