Кўп йиллар ўтди. Мен ҳам адабиёт майдонига кириб, яхши-ёмон бир-иккита асар ёздим. Бу пайтларга келиб «Ўткан кунлар»ни қайта ўқиб чиқдим. Бу сафар китобнинг кўп фазилатлари билан бирга айрим заиф томонлари ҳам кўзимга чалинди. Лекин улғайганда олган таассуротларим ҳақиқатга қанчалик яқин бўлмасин, китоб устида кўзёш тўкиб тонг оттирган ўша дамларим, эрта саҳар ҳувиллаб қолган боққа чиқиб, танҳо кезган пайтларим сира-сира эсимда чиқмайди…
Бу воқеадан кейин сал ўтмай ҳалиги ўқитувчимиз вафот этди. Ярадор бўлгани етмагандай, фронтда ўпкасини совуқ урган экан, кўкламга чиқмасданоқ узилди.
Яна бир-икки ой ўтди. Қишлоқда бирга тепишиб ўсган дўстларим фронтга жўнайдиган бўлиб қолишди. Гарчанд, мен бир ёш кичик бўлсам ҳам, дўстларимдан айрилишга, улардан ажралиб қишлоқда юришга виждоним ёр бермади-ю, ариза бериб, ихтиёрий равишда урушга кетадиган бўлдим.
Эртага жўнаймиз деган куни кечқурун мен марҳум ўқитувчимизнинг уйига бордим ва унинг укасидан «Ўткан кунлар»ни беришини илтимос қилдим.
Урушга кетаётган одамнинг илтимосини қайтариш қийин. Ўқитувчимнинг укаси қийналиб бўлса ҳам китобни берди.
Мен уни қопдаги талқон, туршак ва қаттиқ нонлар орасига солиб, орқалаб олдим.
Биз қишлоқдан бир йўла қирқ чоғли йигит чақирилган эдик. Бир-икки ойдан кейин бўлиниб-бўлиниб, ўн чоғли йигит қолдик. Минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилнинг ёзида шу ўн чоғли йигит фалакнинг гардиши билан Мўғулистон даштларига бориб тушдик.
Қаёққа қараманг, бепоён дашт. Тап-тақир жигарранг адирлар. Каламуш илма-тешик қилиб ташлаган ясси қирлар. Кундуз жазирама – сал ором оладиган жой тополмайсиз, кечаси эса сел ёғади, совуқдан тишлар шақ-шақ қилади…
Биз олис-олисларда қолган она юртни, дўппи билан сув ичган булоқларни, тиззадан тупроқ кечиб юрган қишлоқ кўчаларини соғинамиз. Дўппи-дўппи ўрик териб қизларга тутган чоғларимиз, пода кутиб ўмбалоқ отиб ўйнаган сойликлар, сув сепишиб чўмилишган анҳорлар кўз олдимиздан кетмайди. Кечалари даштдаги чайлаларда бир-биримизнинг пинжимизга суқилишиб ётарканмиз, қишлоқ қизларининг мулойим чеҳраларини, ҳазин ва шўх лапарларини қўмсаймиз, қўмсаймиз-у бутун вужудимиз билан киндик қонимиз тўкилган она тупроққа талпинамиз… Ана шундай пайтларда, буюм халтамни очиб, ўқ-дори, қаттиқ нон ва консерва қутилар орасида ётган «Ўткан кунлар»ни оламан. У соғинган қалбларимизга аллақандай таскин беради, ташна дилларимизни нима биландир қондиргандай бўлади. Биз Отабек-Кумуш саргузаштининг мунгли ва ёруғ саҳифаларини қайта-қайта ўқирканмиз, гўё суюкли қишлоғимизга бориб келгандай, қариндош-уруғ, ёр-биродарларимиз билан дийдор кўришгандай бўламиз… Нур билан йўғрилган севги саҳифалари эса… ўз севгилиларимизни эслатади. Биз гўё олис-олисларда қолган қишлоқ қизларини кўргандай, уларнинг шўх қилиқлари, ҳазил-мутойибалари, куй ва қўшиқларини эшитгандай бўламиз… Ҳа, халқимизнинг баъзи иллатларини шафқатсиз фош этган, айни замонда энг яхши урф-одатларини, ўзига хос фазилатларини ажиб бир шоирона муҳаббат билан тараннум