СЎЗ. Одил Ёқубов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Одил Ёқубов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-623-0
Скачать книгу
мўйлови тагида ҳамиша хиёл кинояли табассум жилва қилиб турадиган бу табаррук зот Тошкент кўчаларидан ўтганда унга салом бермайдиган одам бўлмас эди. Сиз салом берганингизда у кишининг гапни чўзмаслик мақсадида саволингизни қоқ белидан узиб: «Ўзларидан сўрасак?» деган машҳур ибораси-чи? Бу ширинзабон, доно ва дарвешона шоирнинг ғалати суҳбатлари, ҳатто қирқ-эллик кишилик давраларнинг ҳам зериктирмайдиган тарихий ривоят ва ҳикояларга тўла сермазмун ҳангомалари-чи? У кишининг бу ҳангомалари нақл ва маталларга сероб суҳбатларини эшитиш насиб этган, у маҳалда ёш, ҳозир эса сочларимиз оқарган адиблар бу серфайз гурунглар, Шайх аканинг ҳам дилбар, ҳам хиёл муғамбир табассуми билан ёришган суҳбатларини тоабад унутолмаймиз!..

      Марҳум минг тўққиз юз эллик еттинчи йил куз пайти Ўзбекистон зиёлиларининг 1-съездида сўзлаган нутқида шундай деган эди: «… шоирлар, одатда, хаёлпарастликка мойил бўладилар. Мана, мен ҳам шу тарихий съездимиздаги вазиятга қараб ўйлайман. Кошки шоиримиз Зокиржон Фурқат бугун шу ерда президиумда ўтирган бўлса эди! Зотан бундай орзуда табиатга хилоф ҳеч қандай гап йўқ. Агарда Фурқат тирик бўлганда эди, у тўқсон саккизда бўлар эди. Бу Жамбул умридан бир ёш кам, эндиликда барҳаёт юрган озарбайжонлик Маҳмуд Эйвоз ўғлидан эса эллик ёш кичикроқ умр бўлар эди».

      Мақсуд Шайхзоданинг бу сўзларини эслаб мен ҳам хаёлпарастликка берилгим келади: агар Шайх ака тирик бўлганда, ушбу байрамни файз билан тўлатиб ўтирмасмидилар?! Шайх ака учун 80 йиллик умр нима деган гап эди?! Ахир кавказликлар учун бир ярим, икки аср яшаш сира ҳам ажабланарли эмас-ку, бирга-бирга чақчақлашиб, гурунглашиб ўтказсак бўлмасмиди, бу тўйни! 58 ёш кавказликка ярашадими?

      Аммо хаёлпарастликни бир чеккага олиб қўйиб, ҳаёт ҳақиқати ҳақида ўйлайдиган бўлсак, Шайх аканинг нега бунча қисқа умр кўрганини тасаввур қилиш қийин эмас.

      Шайхзода қирчиллама ёшида, эндигина қирқ ёшдан ошган навқирон бир пайтида туҳматга учради, Сталин номи билан боғлиқ шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлди. Бутун қони жони билан, шакли шамойили, насабига кўра айнан шоир Шайхзода миллатчиликда айбланди. Оғир туҳматга дуч келди, бу туҳмат туфайли у севикли диёридан узоқларга дарбадар қилиниб, бир неча йил она юртидан жудоликка маҳкум этилди. Шайхзода фақат буюк адиб эмас, балки ёрқин истеъдодли таржимон ҳамдир. Зотан у киши ўзбек адабиётида бадиий таржима усталаридан биридир. Рост, Мақсуд Шайхзоданинг таржима асарларида гоҳ-гоҳ тилга оид жузъий нуқсонлар учраб турар эди. Аммо образ талқинида мазмунни сақлашда унга тақилган айбномалардан шубҳасиз устун турарди. Агар биз бугун, бу улуғ зотнинг хотира кечасида ҳаётда юз берган майда-чуйда, икир-чикир гаплар, ачинарли воқеалардан юқори туриб, Шайхзода ижодига хос ғурур билан ёндашадиган бўлсак – бундай ёндашишни Шайхзода шахси ва яратган асарлари ўзи тақазо этади, чунки Шайх ака ҳаёт вақтида ҳам ўз рақибларига бир оғиз ёмон гапирган эмас – агар шу нуқтаи назардан ёндошадиган бўлсак, бу зотнинг сиймоси нигоҳимиз олдида янада улуғлашиб,