Шу пайт, назаримда, яна бир қалтис иш бўлди. Абдулла ака нутқини тугатиб, қалқиб кетган залнинг якдил олқиши остида минбардан тушиб биринчи қатордаги жойига борганида, Кибриё опа минбар томон ишора қилиб бир нималар деди… чамаси, «Ўрисчасини ҳам ўқинг, ўрислар ҳам эшитсин», дедилар шекилли, Абдулла ака орқасига қайтиб, ўрисча матнни ўқиб бердилар.
Ўзи-ку, театрда саҳнада ўтирган беш-олтита бюро ва ҳукумат аъзоларидан бошқа ўрис йўқ эди… Талабаларнинг «ўзбекча бўлсин!» деган хитобларию Иззат аканинг сўзларидан кейин усиз ҳам «миллатчилик» руҳидан серрайиб қолган бюро аъзоларига эса «солдат эмасман» деган нутқни ўз тилларида такрор қилиш батамом ортиқча, яъни ўлганнинг устига чиқиб тепиш билан баробар эди. Нафақат бюро аъзолари Москвадан тўйга келган делегация раҳбари, «Дружба народов» журналининг бош муҳаррири Сергей Баруздин ҳам, кейин эшитсак, пойтахтга қайтиб бориб, ёзувчилар союзида «Ўзбекистонда миллатчилик авжида, Қаҳҳор юбилейи ғирт миллатчилик руҳида ўтди!» деб ваҳима кўтарибди, жар солибди.
Биринчи куни, тўй кайфиятлари, театрда ҳукм сурган байрам руҳи сабаб, театрда бўлган воқеалар ва Қаҳҳор нутқи раҳбарларда қандай таассурот қолдирганини, хусусан, бу таассурот келгусида адабий муҳитга қандай таъсир этишини яхши англамовдик, албатта… Боғда катта зиёфат, тўй бола шаънига айтилган ширин-шакар нутқлар, мадҳлар, гўзал қадаҳлар (иккинчи куни ҳам) тинч ўтди.
Учинчи куни ҳар хил шивир-шивирлар, кўнгилни ғаш қилувчи пичир-пичирлар бошланди. Ўша куни мен кимнидир кўргани 2-стационарга борган эдим. Борсам… Мен йўқлаб борган одам билан бирга… Марказқўмнинг масъул ходими, Қаҳҳор юбилейининг ташкилотчиси Муҳаммаджон Мирзамуҳаммедов (у ҳам оламдан ёш ўтди, жойи жаннатда бўлғай) юрагини чангаллаб ётипти. Юбилей ҳақида гап кетган эди, раҳматли ёниб кетди! Сув бериб, валидол бериб аранг тинчитдик. Шундай бўлса ҳам, кечадан кейин бўлиб ўтган гапларни айтиб берди.
Мен бу гапларни марҳумдан қандай эшитган бўлсам, шундай ҳикоя қиламан. Агар марҳумдан бирор хато кетган бўлса ёки мендан ўтса, Худонинг ўзи кечирсин!
Муҳаммаджоннинг айтишича, кечадан кейин Шароф ака кабинетига кирар-кирмасданоқ Москвадан устма-уст иккита телефон бўпти. Биринчиси – КГБдан, иккинчиси – Марказқўмдан. Ҳар иккала қўнғироқнинг мазмуни битта: «Наҳот, Қаҳҳор эски миллатчи эканини билмас эдиларингиз, юбилей эмас, миллатчиликнинг ошкора намойиши бўпти-ку кечада!» Шундан кейин, табиий ким айбдор, ким масъул эди бу кечада? Маърузачини ким танлаган, қабилида дарғазаб сўроқлар, гуноҳкорни қидир-қидирлар бошланибди. Ва Афанди эмас, ҳамиша унинг эшаги айбдор бўлганидек, калтакнинг каттаси охир пировардида Муҳаммаджоннинг бошида синибди-ю, унинг юраги санчиб йиқилиб қолибди. «Тез ёрдам»ни чақиришиб, бу ерга олиб келиб ташлашибди.
Ҳақиқатан, сал ўтмай, яна ўша эски, носоғлом ҳолат, ҳар хил миш-мишлар, миллатчилик ҳануз йўқолгани йўқ, унга қарши аёвсиз кураш лозим қабилидаги