1970‐йилларда психологиянинг бир тармоғи, яъни амалий психология турли соҳалардаги экспертлар бошқалардан нимаси билан ажралиб туришини тизимли тадқиқ қилишни бошлади. 1990‐йиллар бошида Флорида Штат университети профессори К. Андерс Эриксон бу ғоянинг ҳамма тарқоқ қисмларини илмий адабиётларга мос келувчи битта ном остида бирлаштира олди: мақсадли машқ қилиш.
Эриксон мавзуга доир асосий асарини қуйидаги катта даъво билан бошлайди: “Биз [тажрибали эксперт ходимлар ва ўртамиёна ходимлар орасидаги] бу фарқлар ўзгармас эканлигини инкор этамиз. Аксинча, тажрибали ва тажрибасиз ходим ўртасидаги фарқ маълум бир соҳада ўз касбий салоҳиятини ошириш мақсадида мунтазам равишда ўз устида ишлашдадир.”
Хусусан, Америка маданиятининг фавқулодда истеъдод эгаларига меҳри анча баланд. (“Бу мен учун қанчалик осонлигини биласизми?” дея ҳайқиради “Доно Уилл Ҳантинг” фильмида Мэтт Дэмон дунёнинг олд математикларини йўлда қолдирган исботларни топган пайти.) Эриксон илгари сурган ва кенг қабул қилинган (истиснолар ҳам бор2) изланишлар хулосалари ушбу мифларнинг мисини чиқармоқда. Ақлий зўриқишни талаб қилувчи вазифани уддалаш учун машқ талаб этилади – жуда оз истисноли ҳолларда туғма истеъдод етарли бўлади. Шу жойда Сертильянж ўз вақтидан анча илгарилаб кетганга ўхшайди. “Интеллектуал ҳаёт”да айтганидек: “Даҳоларнинг буюклиги уларнинг бор кучини муайян ишга – тўлиқ иқтидорини намойиш қилган ҳолда йўналтира олишидадир.” Эриксон бундан яхшироқ изоҳ бериши мумкин эмас эди.
Шу ўринда, мақсадли машқ қилиш биздан нимани талаб қилиши ҳақида савол туғилади. Одатда, унинг асосий таркибий қисмлари қуйидагича кўрсатилади: (1) Бутун эътиборингизни ўзлаштирмоқчи бўлган маҳоратингиз ёки пухта ўрганишга интилаётган ғоянгизга қаратинг; (2) диққатни тўғри йўналтираётганингизни текшириш мақсадида бошқаларнинг фикр-мулоҳазаларини олиб туринг. Муҳокамамиз учун алоҳида аҳамиятга эга биринчи таркибий қисмда урғу берилганидек, мақсадли машқ қилиш чалғишлар билан бир вақтда бўла олмайди, аксинча, бўлинишларсиз диққатни талаб этади. Эриксон таъкидлаганидек: “Тарқоқ диққат мақсадли машқнинг асоси ҳисобланувчи жамланган диққатнинг айни аксидир” (таъкид меники).
Психолог сифатида Эриксон ва бошқа тадқиқотчилар нима учун мақсадли машқ муайян натижа беришига қизиқмайди; улар буни шунчаки самарали хатти-ҳаракат эканлигини аниқлаш билан чекланади. Эриксоннинг ушбу мавзуга бағишланган илк йирик мақолалари чиққандан