Пахта тозалаш корхоналари бино ва иншоотларини, шунингдек машина, механизмлари ва технологик ускуналарини яшин уришидан сақлаш учун яшин қайтрагич қурилмаларидан фойдаланилади. Яшин қайтаргичларнинг энг содда икки тури: стерженли ва трослиси амалда кенг қўлланилади. Стерженли яшин қайтаргич ингичка, учли металл стержень кўринишидаги электроддан ва умумий қаршилиги 10—20 ом дан ошмайдиган ерлатгичдан иборат. Тросли яшин қайтаргич эса электр узатиш линиялари устидан тортилган сим (трос) кўринишида ва умумий қаршилиги 10—20 ом дан ошмайдиган пухта ерга улагичдан иборат. Яшин қайтаргич ҳимоя қилинадиган объект устига ўрнатилади.
Яшин қайтаргичнинг ишлаш принципи тож разрядига (зарядсизланишига) асосланган. Атмосферада момақалдироқ бўлган вақтда ҳосил бўладиган кучли электр майдони яшин қайтаргичнинг учида тож разрядни вужудга келтиради. Бу разряд зарядларнинг бино олдида тўпланишига йўл қўймай, уларни ерга ўтказиб туради ва бинони яшин зарбларидан сақлайди. Якка стерженли яшин қайтаргичнинг ҳимоя зонаси (таъсир доираси) шакли бўйича чўққисида 450 бурчак ташкил этадиган конусга яқин бўлади. Бир тросли яшин қайтаргичда ҳимоя зонаси, трос ва унинг ости текислигидаги 450 ли проекциялари қирралар вазифасини ўтайдиган, уч қиррали призма шаклида бўлади.
Электр станцияларида яшин токини ерга ўтказиб юбориш учун ерлатиш симидан фойдаланилади. Тунукаси ерга уланган тунука томли бинолар, марказий иссиқ сув билан иситиладиган, сув ўтказгичлар ва ер остидан электр ўтказилган бинолар яшиндан етарлича сақланган бўлади ва уларга махсус яшин қайтаргичлар ўрнатилмайди. Ичида портлаш хавфини вужудга келтирадиган аралашмалар, чанг, буғ, газлар ҳосил бўладиган биноларни ҳимоя қилиш учун яшин қайтаргич бинолардан нарироқда ўрнатилади. Шунда биноларнинг барча қисмлари яшин қайтаргичнинг таъсир доирасида бўлади.
Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текшириб турилиши ва аниқланган носозликлари бартараф этилиши керак. Момақалдироқ вақтида таъмирлаш, электр ўлчаш ишларини бажариш тақиқланади.
2.11. Огоҳлантириш ранглари, хавфсизлик белгилари ва хавфлардан ҳимоялаш шиорлари
Қуйидаги огоҳлантириш ранглари қабул қилинган:
қизил – «ТЎХТА», «ТАҚИҚЛАНАДИ», «ЖУДА ХАВФЛИ» маънолари учун;
сариқ – «ДИҚҚАТ», «ХАВФ ЭҲТИМОЛИ МАВЖУД» маънолари учун;
яшил – «ХАВФСИЗ», «РУХСАТ ЭТИЛГАН», «ЙЎЛ ОЧИҚ» маънолари учун;
кўк – бошқа маълумотлар учун.
Қизил рангда машиналарнинг тўхтатиш тугмачаларини, хавфли зона тўсиқларининг ички томонини, ёнғинни ўчириш қурилмалари ва воситаларини бўяш мақсадга мувофиқ бўлади.
Сариқ рангда транспорт воситалари (электр юклагич, кўтариш кранлари ва б.қ.)