– Бўлди! – дея мамнун қиёфада бақирди. – Мошина зайнит. Бизнинг бригадамиз туширади, ҳеч ким эргашмасин!
Кошки, унинг гапи бировнинг қулоғига кирган бўлса, машина юриши билан беш-олти одам унинг ортидан эргашди. Мен: “Нима қилдик?” – деган маънода Шокир акага қарадим. У бепарво қўл силтаб, кун ботишга қараб олди-да:
– Ана, кеч тушаяпти, энди юк келади, шошилмаслик керак, – деди.
Ҳартугул, алдамаган экан, қуёш ботиб, атрофга қорон-ғилик этагини ёза бошлаганда олдинма-кетин юк машиналари кела бошлади. Шуларнинг биттаси бизга насиб этди. Печенье ортилган экан. Беш киши (бизга яна иккита одам қўшилган эди) бир ярим соатларда юкни дўконга киргизиб тахладик. “Ерга тахлаяпмиз, зах босиб кетса керак”, хаёлимдан ўтди менинг. Бироқ қайғурмадим, чунки кейин нима бўлса бўлар. Муҳими, ҳар биримизга юкнинг эгаси юз эллик сўмдан берди.
Пулни қўлга олганимдан кейин кайфиятим ўзгарди. Уйимизда шифтга қараб ётиб қилган орзуларим хаёлимда тикланди.
Навбатдаги машина ҳам бизни кўп куттирмади. Атиги ярим соатдан кейин «кока-кола» туширишни бошлаб юбордик. Бу сафар мен қутиларни машинадан пастдагиларга узатиб турдим. Менга Шокир ака ёрдам берарди.
Чамамда, машина яримлаб қолганида қаддимни кўтариб бироз нафас ростлаб, Шокир акага қарасам, у клёнкани йиртиб, ўртадаги идишнинг қопқоғини очиб, боядан бери оғзимдан сувимни оқизаётган «кока-кола»дан ичаяпти. “Вой қизиғарнинг боласи, – хаёлимдан ўтказдим, – балонинг калтаги экансан-ку!” Авжим келиб кетди. Шартта битта «кока-кола»нинг оғзини очдим-да, қултуллатиб ичиб олдим. Бирам яйрадимки, бирам яйрадимки, таърифига тил ожиз. Вужудимга қандайдир қувват киргандай бўлди ва янада шиддат билан ишлай бошладим.
Соат тахминан тунги бирларда ошхонага кирдик. Шу маҳалда ҳам бу ер одам билан гавжум экан, амал-тақал қилиб, навбатда туриб, бир косадан палов олдик. Ҳаётимда биринчи марта фақат сувга пиширилган палов ейиш насиб этди. Мазасини, устидаги гўшти чумчуқнинг тилидай майдалаб тўғралганини айтмаганда, оддий ошдан фарқи йўқ. Қорним роса очқаган экан, иштаҳа билан едим. Аммо Нормат ака чимхўрлик қилиб ўтирди.
– Ҳа-а, – деди унга қараб Шокир ака, – ейишинг унмаяпти. Биздан яшириб бирон нима ютганмидинг?
– Шуям ошми? – жавоб қилди Нормат ака. – Сувга қайнатилган гуруч.
– Нормалнийсини, жўражон, уйингга борсанг, хотин-чанг пишириб беради. Бу ерда арзонгинага қорнинг тўйганига шукур қилиб кетавер.
Ярим оқшомдан кейин юк туширувчилар (негадир “мардикорлар” дейишга тилим бормаяпти, дўкондорлардан бири “чоракор” деб чақирганини эшитган эсам-да) камайди. Иш эса кўпайди. Сафдошларимиз нархни кўтарди. Шу пайтгача битта “КамАЗ”ни беш-олти киши юз эллик ва ҳаттоки юз сўмдан туширган бўлса, энди нарх икки юз сўмга чиққанди.
Тонг ота бошлаганида