Нормат деганлари эса Шокир аканинг тескариси, ундан кичиг-у, иккита боласи бор. Хотини, яъни янгамиз фермада соғувчи, Нормат аканинг ўзи молбоқар бўлиб ишлаган. Иккаласи молхонада танишган. Очиғи, мен билмайман-у, лекин одамларнинг айтишича, “гижинг-гижинг” қилиб қўйишганми-ей, хуллас, янгамизнинг қорнида “тарвузча” пайдо бўлиб қолган. Сўнг, илож йўқ, уйланган. Ўзиям янгамиз тўй оқшоми туғруқхонага равона бўлиб, қишлоқдагиларнинг бир неча йил оғизларидан тушмаган. Нормат аканинг уйидагини айтмай қўя қолай.
Хуллас, шу икковига қўшилиб Тошкенти азимга ишлаб пул топиш мақсадида борадиган бўлдим. Кечаси нарсаларимни йиғиштириб, эски латта сумкага жойладим. Хаёлимда бир кунда ўн-ўн беш машина юкни тушириб ташлайдигандайман. Чўнтагимни бир ойда қаппайтиргач, қишлоққа қайтиб келиб: “Пул топиш мана мунақа бўлади-да, сизлар ҳам юрибсизлар-да қишлоқда чориқларингни судраб”, деб мақтанаман. Кейин яна ўша Ипподром деган жойга қайтиб бориб, аввалгидан ҳам кўп пул ишлайман. Тағин чўнтагимни бўшатиш учун қишлоққа қайтаман. Қарабсизки, тўрт-беш ой деганда япянги “Нексия” миниб, ҳамманинг кўзини куйдираман. Ўшанда менинг, отамнинг, укаларимнинг устидан кулганларни бир кўрай тишининг оқини кўрсатганини! Кейин “тойчоғим”ни минволиб, Нозиманинг ёнига бораман. Унинг хурсанд бўлиши тайин. Чунки қизлар машинали йигитларни кўрса бўғини бўшашади. Буниси аниқ.
Шундай ширин хаёллар оғушида тонг отиб-отмай ухлаб қолибман. Бир маҳал отам турткилаяпти:
– Тур! Ўл-а, валакисалак, индамаса пешингача сасиб ётасан!
Сакраб ўрнимдан турдим-да, кўзимни уқалаганча унга қарадим.
– Бор, тезроқ ювиниб кел! – бақирди отам. – Мен Шокир билан гаплашиб келдим. Бир соатдан кейин кетаркан!
Отамнинг гаплари ҳали қулоғимдан кетмай туриб таш-қарига отилдим. Кўз очиб-юмгунча ювиниб қайтдим. Отам мендан-да илдамлаб жойимни йиғиштириб, дастурхон ёзибди. Укаларим чой дамлаш билан овора.
Шоша-пиша нонушта қилиб, кийимларимни кийдимда, тайёр бўлдим.
Отам алмисоқдан қолган, боғичи ингичкалашган, ойнасининг бир чети ёрилган, лекин бинойидек ишлайдиган соатига кўзини қисиб қаради-да:
– Ҳали вақт бор экан, озгина ўтир, – деди.
Лекин менинг ичим ўт бўлиб ёнарди, эртароқ пул хазон бўлиб ётган ерга етгим келаётганди.
– Шокир ака кетиб қолмасин тағин, – дедим ҳовли-қиб.
– Кетмайди, – жеркиб берди отам, – инсофли бола у!
Шокир ака кўзимга олижаноб