Кейин қандайдир қўл баданимни сийпалаётгандай бўлди. Аввалига туш кўраяпман, деб ўйладим. Бироқ қўл икки оёғимнинг орасига кирганидан кейин чидаб туролмадим, кулгим қистаб, сапчиб ўрнимдан туриб кетдим. Тепамда соқоли ўсиб кетган, сочлари патак бир одам турар эди.
– Сизга нима керак? – дедим юрагим дукиллаб уриб.
– Тисс, – деди ҳалиги одам лабига кўрсаткич бармоғини босиб, – бошқаларни уйғотиб юборасан, ухлайвер.
Мен унга қараб қотиб қолдим. У бўлса секин ёнимдан ўтиб Шокир аканинг чўнтакларини пайпаслай бошлади.
– Ҳов ака, – дедим мен атай овозимни баландлатиб, – нима қилаяпсиз?
– Ишинг бўлмасин, – деди у важоҳат билан менга қараб, – ухла дедим сенга! Бўлмаса ҳозир каллангни сапчадай узиб ташлайман!
Ногаҳон унинг қўлидаги пичоққа кўзим тушиб, бирдан ўрнимдан туриб кетдим. Тураётиб, ёнимда ётган Нормат акани қаттиқроқ тепиб юбордим. У ҳам бирдан чўчиб уйғонди. Аммо мен унга эътибор бермадим. Саросимага тушган кисавурга безрайганча тикилиб туравердим.
– Нима гап? – деди Нормат ака бошини кўтариб.
– Манави… Манави, – деб қўлим қалтираганча бояги одамни кўрсатдим, – чўнтагимизни титкилаяпти.
Менинг гапимдан кейин чўнтаккесар қўлидаги пичо-ғини Нормат аканинг томоғига тиради-да:
– Ғинг десанг сўйиб ташлайман, – деди.
Мен нажот истаб хонага кўз югуртирдим. Тўрда тўрт киши бир ёнбошда дераза томонга қараб ётибди. Қолганлари аллақачон чиқиб кетибди.
Шовқиндан Шокир ака ҳам уйғониб кетди. Аввалига карахтланиб турди, вазиятни идрок қилгач, бирдан сўкиниб юборди.
Кисавур пичоқни Нормат аканинг томоғидан олиб Шокир аканикига тиради-да:
– Энди учовинг ҳам яширган пулларингни чиқар, бўлмаса, ҳаммангни бўғизлайман, – деди.
Бу сафар у овозини хийла кўтарганди. Шу боис, тўрдагилар ҳам ўринларидан туриб биз томонга қарашди.
– Бўпти, мен бераман, – деди бир маҳал Нормат ака ва чўнтагини ковлаган киши бўлди-ю, мутлақо кутилмаганда кисавурнинг чотига тепиб юборди.
– Вой итдан тарқаган! – дея оғриқдан ўкириб юборди эгилиб қолган кисавур.
Шу маҳал эшик қарсиллаб очилиб, тўрт нафар девқомат йигит бостириб кирди. Мен уларга энг яқин тургандим, биттаси жағимга қарсиллатиб тушириб қолса бўладими? Зарба шунчалик кучли эдики, гурсиллаб гилам устига қуладим. Шу пайтда кимдир ёмон сўкинди ва: “Мана сенга, мана сенга, ур!” деган овозлар янграй бошлади. Очиғи, ўшанда ким кимни ураяпти, ким тинмай сўкинаяпти, идрок этолмасдим. Чунки кўз олдимни туман қоплаб олгандай, қулоғим тинимсиз шанғилларди.
Муштлашиш қанча вақт давом этди, билмайман. Бир маҳал кимдир юзимга сув сепди, секин кўзимни очдим. Нималар бўлганини англаёлмай, гарангсиб ётдим. Кейин сув сепган одам қўлимдан тортди, бир амаллаб ўрнимдан турдим. Бошим лўқиллаб оғрияпти. Аланглаб шерикларимни қидирдим. Ажабо! Улар ёнгинамда туришарди.