юлдузим йўл қўймайди. Мана, бугунги кунни олайлик. Порлоқ меърож кунини рисоладагидек, қалбда қувонч билан байрам қилмоқчийдим. Линковлар чўмиладиган жойига келган ҳар қандай бошқа меҳмондек мағрур «Илтимос, бир шиша икки ҳиссали пиво, фақат яхшироғидан!» деб ҳайқиришим мумкин эдими? Ярим кечагача, тағин ўзларига жуда зеб берган дилбар қизлар даврасига яқин жойда ўтиришим мумкин эди. Нақадар ботир бўлиб кетишимни биламан; мутлақо бошқа одам бўлиб қолардим, ҳатто қизлардан бири: «Соат неча бўлган экан-а?» ёки «Қайси мусиқани чалишяпти?» деб сўраб қолганида, стаканимни тўнтармасдан ва ўриндиққа қоқилмасдан илдам ва боадаб сакраб туриб, эгилган ҳолатда бир ярим қадам олдинга сурилиб: «Ижозатингиз билан, mademoiselle
17, «Дунай қизлари»дан
18 увертюрани
19 чалишяпти» ёки: «Ҳозир соат олтига бонг урилади» дейишгача бориб етардим. Бу ёруғ дунёда бирон одам буни бараҳмоқлик сифатида талқин қилган бўлармиди? Йўқ, дейман мен, ҳар сафар камина ҳам зодагонларнинг нозик оҳангидан нималардандир бохабарлигимни ва хонимлар билан муомала қилишни билишимни кўрсатиб қўймоқчи бўлганимда одатда рўй берадиганидек, қизлар нозли табассум билан ўзаро кўз уриштириб қолишади. Қайси иблис мени бу лаънати олма саватига дуч келтирди ва энди хилватда тамаки тутатиб ўтиришга мажбурман…» Шу жойга келганда талаба Ансельмнинг монологи шундоққина ёнгинасидаги майсадан кўтарилган аломат шитирлашлар ва шивирлашлар билан бўлинди, ле-кин тез орада боши узра ёйилган маржон мевали бута шохлари ва баргларига кўчди. Гоҳ бу оқшом шабодаси япроқларни шитирлаётгандек, гоҳ – қушчалар шохдан-шохга пириллаб учиб ўтаркан, қанотчалари баргларга тегиб кетаётгандек туюларди.
Дафъатан қандайдир шитир-шитир ва шалдиршулдир эшитилди ва гуллар худди биллур қўнғироқчалардек жаранглаб кетишди. Ва мана – у ўзи ҳам бу шитирлаш ва пичирлаш ва жаранглаши сокин, аранг эшитиладиган сўзларга қандай айланиб қолганини билмасди: «Бу ерда ва у ерда, шохлар орасида, гуллар узра биз аймашамиз, чирмашамиз, гир-гир айланамиз, чайқаламиз. Сингилча, сингилча! Шуълаларга арғимчоқ сол! Тезроқ, тезроқ ва тепага, ва пастга – оқшом қуёши ёғдуси билан ўқ узади, шабада шивирлайди, япроқларни шитирлатади, шудринг тушади, гулчалар куйлайди, тилчаларимизни қимирлатамиз, биз гуллар ва шохлар билан бирга қўшиқ айтамиз, ҳозир юлдузчалар ярқирай бошлайди, у ерга ва бу ерга тушиш пайтимиз келди, биз аймашамиз, чирмашамиз, гир-гир айланамиз, чайқаламиз, сингилчалар, тезроқ!»
Бу ёғига гангиратадиган гаплар оқа бошлади. Талаба Ансельм шундай ўйда эди: «Бу кечки шамолдан бошқа нарса эмас, албатта, аммо нима учундир бугун у жуда тушунарли тилда сўз қотмоқда». Лекин шу лаҳзада боши устида биллур қўнғироқчаларнинг жаранг-журинги янгради; у тепага қараб, шохлар орасига чирмашиб, бошчаларини ботаётган қуёш томон чўзган, яшил заррин тус билан ялтираётган учта илончага кўзи тушди. Ва яна шилдираш ва шитирлаш, ва ўша сўзлар эшитилди, ва илончалар сирпаниб, барглар