Эртак давомида Ҳофман қаҳрамонлари яшаётган параллел дунёнинг тузилиши ҳикоя қилинади. Шаҳарда ҳамма танийдиган кекса ёшли, аломат табиатли махфий архивариус Линдгорст чеккадаги эски уйда уч қизи билан яшайди, айни пайтда у руҳлар ҳоқони Фосфор ҳукмронлик қиладиган мўъжизавий Атлантида мамлакатидан бўлади. Унинг қизлари ҳам оддий эмас, балки ғаройиб тилла тус илончалардир.
Табиат ва буюмлар дунёси ҳам қўш хусусиятга эга. Оддий маржон мевали бута, оқшом шабадаси, қуёш шуълалари Ансельм билан суҳбат қуради. Ансельм уйга кириш учун рухсат сўраб, тақиллатмоқчи бўлган болғача ёвуз жодугар қиёфасига киради, боғич улкан оқ илонга айланади. Ҳаётий дунё маиший буюмларини бошқа олам ашёларига айлантириш жараёнини Н.Я.Берковский7 «одатийликни қуюқлаштириш» деб атаганди. Унинг фикрича, бу «Сўнгги нуқтасига етказилган насрнинг шундан сўнг фантастика дунёсига ўтиши» бўлиб, «Ҳофман бадиий кашфиётлари»дан биридир».
Ҳақиқатан ҳам, кундалик ҳаёт ёки, адиб таърифи билан айтганда, «одатий турмушнинг юки» ижодкор тасаввури орқали ажойиб шоирона дунёга айлантирилган. Жумладан, архивариус Линдгорстнинг таърифича, «Ансельмнинг фароғати – барча мавжудотларнинг муқаддас уйғунлиги, табиатнинг энг яширин сирлари очиладиган шеърият ҳаётидан бошқа нарса эмас!» Бироқ ёзувчининг фантастикаси фақат ажойиб шоирона оламнигина эмас, шунингдек, руҳсиз дунёни, одатий турмушнинг жирканч томонларини ҳам очиб кўрсатади.
Муаллиф шоирона телбаликлар «зулук билан даволанадиган» манфаатпарастларнинг биқиқ оламини қаҳрли киноя билан тасвирлайди. Талаба Ансельм бу дунёчада бўғилади ва унинг оғзи бекитилган шиша идиш ичига тушиб қолиши – шеърий мажоздан бошқа нарса эмас, зеро, ёнидаги шиша идишларида унингдек қамалиб ўтирган шериклари ўзларини жуда яхши ҳис этадилар. «Биз ўзимизни ҳеч қачон ҳозиргидек яхши ҳис этмаганмиз, чунки тентак архивариусдан турли маънисиз нусхалар учун олаётган специес-талерлар фойдага қоляпти; энди итальянча хор ашулаларини ўрганишимизга хожат йўқ; энди биз ҳар куни Иозефнинг олдига ёки бошқа майхонага борамиз, ўткир пиводан маза қиламиз, қизлар билан кўз уриштирамиз, ҳақиқий талабаларга ўхшаб «Gaudeamus igitur…» деб куйлаймиз – ва вақтичоғлик қиламиз», дейди улардан бири.
Эртак–қисса ниҳоясидаги асар қаҳрамонларининг икки никоҳ тўйи муаллиф ғоясини аниқ ифода этган. Рўйхатчи Геербанд саройдаги маслаҳатчи бўлади. Вероника шундан сўнг ўзининг Ансельмга кўнгил қўйганлигидан воз кечиб, ҳеч ик-киланмасдан унга турмушга чиқишга розилик беради. Бу қизнинг бутун орзу-умидлари рўёбга чиқади: «Бир неча ҳафта ўтгач саройдаги маслаҳатчининг рафиқаси хоним Геербанд ҳақиқатан ҳам, аввал руҳий кўзлари билан кўрганидек, Янги бозор олдидаги кўркам уй деразаси олдида бу ердан ўтиб кетаётган, кўз ойналаридан боқиб: «Саройдаги маслаҳатчининг рафиқаси хоним Геербанд нақадар илоҳия аёл!» деб хитоб қилишларини