– У устозига мурожаат қилган шогирд сифатида ёзибди-да, – дедим.
– У ёрдамимга ортиқча баҳо бериб юборган, – деди Холмс бепарвогина. – Унинг ўзи ҳам жуда истеъдодли одам, идеал хуфиялар учун зарур бўлган уч хислатнинг камида иккитасига эга: у кузатишга уста, ўз кузатувлари асосида хулосалар чиқара олади. Ҳозирча унга билим етишмайди, лекин вақтсоати билан билим ҳам келади. У ҳозир китобларимни французчага таржима қиляпти.
– Нима, сиз ҳам ёзасизми?
– Ҳа, шу касалим ҳам бор, – Холмс кулиб юборди. – Мен бир нечта рисола ёздим. Улардан бири «Кулига қараб тамаки навини аниқлаш» деб аталиб, сигара, сигарет ва трубка тамакисининг юз қирқ нави таърифлаб берилган. Унга қўшимча равишда турли кулларни кўрсатувчи рангли расмлар берилган. Тамаки кули – энг кўп учрайдиган далил. Баъзида жуда муҳим ҳисобланади. Масалан, агар сиз қотиллик қилган одам ҳинд тамакисини чекади деб аниқ айтолсангиз, табиийки, қидирув доираси тораяди. Картошка карамдан қанчалик фарқ қилса, Трихинополь тамакисининг қора кули ҳам «қуш кўзининг» оппоқ баргларидан шунчалик катта фарқ қилишини тажрибали кўз дарров пайқайди.
– Майда-чуйда нарсаларни ҳам пайқайдиган ажойиб қобилиятингиз бор-да, – дедим.
– Шунчаки уларнинг муҳимлигини тушунаман. Ёки оёқ излари тўғрисидаги рисоламни олайлик. Унда ўша изни сақлаб қолиш учун гипсдан фойдаланиш тўғрисида гапирилади. Кичик бир тадқиқот касбнинг қўл шаклига таъсирига бағишланган, унда тунукачи, денгизчи, композитор, тўқувчи ва олмос пардозловчи қўлларнинг литографияси берилган. Бу тадқиқот ўз касбини фан, илм деб билувчи жосус учун катта амалий аҳамиятга эга. Ўликни аниқлаш ёки жиноятчининг нима билан шуғулланишини билиш керак бўлганида бу усул айниқса қўл келади. Лекин кўриб турибман, ўзим билган, яхши кўрган нарсам ҳақида кўп гапириб, сабр-чидамингизни суиистеъмол қиляпман.
– Заррача! – қизғин эътироз билдирдим. – Бу нарсалар мен учун ҳаддан зиёд қизиқ, айниқса шунинг учунки, билимларингизни амалда қандай қўлланилишини ўз кўзим билан кўрганман. Мана, сиз кузата билиш ва хулоса чиқара олиш қобилияти хусусида гапирдингиз. Мен бўлсам, буларнинг иккови ҳам бир нарса деб юрардим.
– Йўқ, булар бошқа-бошқа нарсалар, – деб жавоб қилди Шерлок Холмс, курсининг юмшоқ суянчиғига ҳузур қилиб суянар ва трубкасидан ҳалқа-ҳалқа тутун чиқараркан. – Мана, масалан, кузатув менга шуни кўрсатдики, сиз эрталаб Уигмор-стритдаги почтада бўлгансиз, мантиқий фикрлаш қобилияти эса менга, сиз у ерга телеграмма жўнатиш учун борганингиз тўғрисида хулоса чиқаришимга имкон берди.
– Қойил-э! – деб хитоб қилдим. – Топдингиз.
Лекин тан олишим керакки, буни қандай фаҳмлаганингизни билолмаяпман. Мен почтага тасодифан кириб қолдим, буни битта-яримтага гапирганимни эслолмайман.
– Бундан осони борми, – ҳайрон бўлганимни кўриб Шерлок Холмс мийиғида кулиб қўйди. – Шу қадар жўнки, тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Лекин шу мисолда сизга