– Бугун қайси бири, – деб сўрадим, – морфийми ё кокаинми?
Холмс лотин ҳарфда ёзилган эски китобдан кўзини узди.
– Кокаин, – деб жавоб қилди у. – Етти фоизли. Синаб кўрасизми?
– Раҳмат, ўзларига буюрсин! – дедим шартта. – Афғон урушидан кейин ҳалиям ўзимга келолганимча йўқ. Ўзимга ортиқча юк ортишни истамайман.
Жаҳлим чиққанига Холмс мийиғида кулиб қўйди.
– Эҳтимол, сиз ҳақдирсиз, Уотсон, – деди у. – Наркотик моддалар ҳам соғлиқ учун зарар. Лекин, у ақлни ишлатишга, фикрнинг равшанлашишига ёрдам беришини кашф этдим. Бинобарин, уларнинг зарарли таъсирини эътиборга олмаса ҳам бўлади.
– Ахир, ўйласангиз-чи, – дедим қизишиб, – булар сиз учун жуда қимматга тушади-ку! Ҳа, ана, миянгиз жуда тез ишлади дейлик, лекин бунинг турган-битгани зарар, асабни ишдан чиқариб, охир-оқибатда ақли заифликка олиб боради. Кейин одамнинг қандай руҳий ҳолатга тушишини яхши биласиз. Йўқ, Холмс, бу арзийдиган иш эмас! Наҳотки, бир лаҳзалик ҳузур-ҳаловат деб табиат сизга инъом этган ноёб ақл-истеъдодни қурбон қилсангиз? Тушунсангиз-чи, сиз билан дўст эмас, балки ўз мижозининг соғлиғи учун жавоб берадиган шифокор сифатида гаплашяпман.
Шерлок Холмс ранжимади. Аксинча, бу гаплар унинг кўнглини очаётгандай эди.
– Менинг миям, – деди у тирсаги билан курсига суяниб, бармоқларини бир-бирига жуфтларкан, – бекорчиликка қарши исён кўтаради. Менга иш беринг! Менга энг мураккаб муаммони, ҳал қилиб бўлмайдиган вазифани, чигал воқеани беринг – ўша заҳотиёқ сунъий дори-дармонларни унутаман. Ақлим қаттиқ ишлаши керак. Худди шунинг учун ҳам мен ўзим учун ноёб бир касбни танлаганман, тўғрироғи, уни яратдим, чунки бу дунёда иккинчи Шерлок Холмс йўқ.
– Нима, сиз бу дунёда яккаю ягона хуфиямисиз? – деб сўрадим, қошларимни чимириб.
– Яккаю ягона хусусий хуфия-маслаҳатчи, – деб жавоб берди Шерлок Холмс. – Энг сўнгги ва олий инстанция. Грегсон, Лестрейд ёхуд Этелни Джонс мушкул аҳволга тушиб қолганларида, дарров менга мурожаат қилишади. Мен иш билан батафсил танишиб чиқиб, ўз фикримни, мутахассис фикрини айтаман. Шон-шуҳрат кетидан қувмайман. Бирор ишнинг чигалини ечишга муваффақ бўлсам, номим газеталарда тилга олинмайди. Ишнинг ўзи, ўз услубимни амалда қўллай олсам, шунинг ўзи мен учун олий мукофот. Сиз, Уотсон, уни яхши биласиз. Ақалли Джефферсон Хоуп ишини бир эсланг-а.
– Ҳа, эсимда, – дедим анча юмшаб. – Антиқа ҳодиса. Мен ҳатто бу тўғрида «Шафақ рангидаги этюд» деган ном билан қиссага ўхшаган бир нарса ёзганман.
– Қиссангизга кўзим тушувди, – Холмс қуруққина бош чайқаб қўйди. – Эътироф этишим керакки, сизни муваффақият билан табриклай олмайман, жиноятни текшириш, очиш – бу аниқ фан, ҳар ҳолда аслида шундай бўлиши