Алтруизм (бошқалар ташвишини қилиш) – жуда яхши одат. Бу инсонийликнинг аломати. Аммо бошқалар ташвишини қилиш билан бошқалар мақсадига интилиб яшаш ўртасида кескин фарқ бор. Ўғил ўз мақсадига интилиб, кучли ҳуқуқшунос бўлиб ҳам шифокор отасини хурсанд қилиши мумкин. Шогирд қалами ўткир журналист бўлиб ҳам филолог устозини номини улуғлаши, унга кўп раҳмат олиб бериши мумкин.
Ёт мақсадларни инсонга оила, жамият, ғоя беради. Гитлернинг ғоясига эргашганлар ёт мақсадга интилган. Ахир, айтайлик, Мюнҳенлик оддий немис кишига яҳудийларни қирғин қилиш ёки немисларни ҳукмрон ирқ даражасига кўтариш нимага керак бўлиши мумкин? Бу оилали ва содда немисга эмас – Гитлер ва унинг партиясига керак бўлган. Умуман, урушлар-у инқилоблар жуда кўп одам улар учун бегона мақсадларнинг ортидан юрганида келиб чиқади. Тарих буни кўп бора исботлаган.
Инсонни ёт мақсадлардан тежаб қолувчи одат – албатта, сергаклик. Биз у ёки бу интилишларимиз аслида кимга керак эканини фақат сергак назар билан пайқай биламиз.
Мақсад – ҳудди фарзанддек. У фақат бахт ато этади, ҳаётингизни мазмунга тўлдиради. Уни ҳам қувонч билан кутиб олиш, тарбиялаш ва қадрлаш керак. Ёт мақсадларга эргашиш ҳудди ўз болангизни қаровсиз қолдириб, бошқалар боласига ғамхўрлик қилишдек гап.
Ўз мақсадларингизни сергаклик элагидан ўтказиб кўринг: уларнинг қайсилари пуч ёки ёт эканини билиб оласиз. Сизнинг мақсадларингиз – ҳаётда ким эканингизни кўп жиҳатдан белгилаб беради. Шундай экан, пуч ёки ёт мақсадларга эргашиш – ўзлигини йўқотиш билан баробар.
СЕШАНБА – Муҳимлик
Борсакелмас
«Борсам-у, аттор Саттор уйида бўлса-ю,
доруси бўлмаса-чи?..»
(«Тошкентга саёҳат» спектакльидан)
Навбатдаги эртакни эшитишга тайёрмисиз?
Қадим-қадим замонда Юнонистон томонда бир бадавлат одам бўлган экан. Унинг якка-ю ягона ўғли бўлиб, унга бор меҳрини бериб катта қилар экан.
Ўғил ҳар нарсада комил экан-у фақат бир камчилиги бор экан: у ҳар доим ҳар ишда иккиланаверар экан. Шу одати туфайли у йигирма ёшга тўлгунча ҳам ҳеч бир касбнинг бошини тутмабди. Чунки шу пайтгача ҳеч бир касбни танлай билмабди.
Ташвишга тушган отаси уни уйлантириш йўли билан тартибга солмоқчи бўлибди. Зора шундан сўнг у қарор қабул қилишни ўрганса деб умид қилибди. Ота-она ўғилларига шаҳардаги энг гўзал икки қизни таклиф қилишибди. Ўғил иккисини ҳам ёқтирибди. Ва унинг доимий одати яна ўз сўзини айтибди.
Беш йил ўтибди ҳамки, йигит ҳеч бир қарорга кела олмабди. Лекин шунча пайт икки қизни ҳам умидвор қилиб юраверибди. Аммо бир куни қизларнинг тоқати тоқ бўлибди. Улар гўзаллик маъбудаси ҳузурига бориб, иккисини ҳам алдаб юрган йигит устидан шикоят қилишибди.
Икки гўзал қизнинг ҳусни-жамолини қадрсизлантиргани учун бу йигитдан