Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг…. Жавлон Жўраев. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Жавлон Жўраев
Издательство: Издательские решения
Серия:
Жанр произведения: Общая психология
Год издания: 0
isbn: 9785449372710
Скачать книгу
ҳақида дин ҳам, қонунлар ҳам тинмай бизга уқтиради. Ҳаммамиз бошқалар билан суҳбатларда бу дунёда ҳамма тенг экани ҳақидаги юксак гапларни айтамиз. Лекин маънавият базми тугаб, кўчага чиққанимизда, садақа сўраган ночорга ачиниш ёки жирканиш ҳисси билан қараймиз.

      Ҳўш, сиз қайси синфга мансубсиз? Кимлар билан синфдошсиз? Кимлардан бу дунёда тутган ўрнингиз юқорироқ? Кимникидан пастроқ?

      Ўзимизни у ёки бу синфга мансуб ҳисоблаш – шахсиятимизни чеклаш дегани. Бой одамнинг шахсияти бадавлатлик қолипига солинган, ўқимишли одамники – зиёлилик қолипига. Бу каби чекловлар ҳар қандай интилувчан шахсни ҳам ўсишдан тўхтатиш қудратига эга.

      Буюкликка борувчи йўл – синфларга ақлан тобе бўлмаслик орқали ўтади. Мен ўзини билимлилар синфига даҳлдор билсам, билимларим доирасидан ташқарига чиққанимда имкониятларим тугайди. Мен саводсиз одам қила оладиган ишни қила олмаслигим тайин.

      Ўзимни зиёли санашдан воз кечдим дейлик. Энди мен ўқимишли қишлоқи ёки саводсиз қишлоқи эмас – шучаки қишлоқиман. Қишлоқда яшайдиган одам қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни қилишим мумкин. Бир кун келиб мен яшаш жойим бўйича синфга мансуб эканимдан воз кечаман. Энди мен қишлоқи ёки шаҳарлик эмас – шунчаки ўзбекман. Энди мен шаҳар ҳаётига ҳам, қишлоқ ҳаётига ҳам осон кўникаман, шу икки муҳитда ҳам фаровон яшай оламан.

      Шахсиятимни ўз миллатим доирасида тутишим ҳам менинг бошқа миллатларга ҳурматсиз назарда қарашимга сабаб бўлади. Бу чекловдан воз кечаман ва бошқа миллатлар маданиятида ҳам жуда кўп бунёдкор жиҳатлар борлигини кашф қиламан. Янги тилларни ўрганаман. Дўстларим сафида турли миллат вакиллари пайдо бўлади. Энди мен ўзимга ўзбек сифатида эмас – шунчаки инсон сифатида қарайман. Энди инсон қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни мен ҳам қилишим мумкин.

      Дунёда шундай одамлар борки, улар ўзларига шучаки тирик мавжудот сифатида қарайдилар. Улар оддий одам қила олмайдиган ишларни қила олишади, оддий одамда учрамайдиган қобилиятларни ривожлантиришади. Кўршапалак каби атроф дунёни товуш орқали кўрадиган, баъзи йиртқичлар каби инфрақизил нурларини пайқайдиган одамлар бор. Улар ўзларини шартли равишда одамлар синфига мансуб деб ҳисобламайдилар.

      Барчамизни умумлаштириб турган бир ягона белги бор: бу дунёдаги ҳар бир жонзот Яратганнинг чексиз қудрати махсули. Унинг қудрати ҳар бир майса ва илдизда, ҳар бир нафас, ҳар бир киприк қоқишда, биз ташлаган ҳар бир қадамда намоён бўлаверади. Ҳар бир ҳужайрамиздаги тириклик жараёнлари олий қудрат белгилаб қўйган қонунларга бўйсунади.

      Биз ана шу жиҳатдангина бир синфга мансубмиз. Қолган ҳамма тур ва синфга ажратишлар – шунчаки шартли ифодалар, холос. Ўз имкониятларини ана шу шартли ифодалар доирасида баҳолаган одамнинг шахсияти ҳам шартлидир.

      Расм дафтар вароғидаги митти одамчалар, гуллар, капалаклар – ҳаммаси турли ҳаёт тарзига эга. Аммо уларнинг барини бир болакай битта қаламда чизган. Уларнинг барига жон киритган куч ягона ва бўлинмас.