– Уч нарсани севасиз, улар сизларники эмас. Жонингизни севасиз, жон эса Аллоҳникидир. Мол-дунёни севасиз, у эса меросхўрларникидир. Дунёни севасиз, ҳолбуки, дунё ўткинчидир. Бас, қалбингиз қандай таскин топсин?
Ҳақиқий бойлик шуки, Аллоҳдан бошқасидан беҳожат бўласан. Ҳақиқий йўқсиллик шуки, Аллоҳдан ўзга барчага муҳтож бўласан.
Икки нарса борки, бу дунёда истайсизу топмайсиз: биринчиси – шодлик ва хушвақтлик, иккинчиси – роҳат ва ором. Улар жаннатда қўлга киради.
Таваккул шуки, ўзингни қуллик ва бандалик дарёсига ташлайсан ва кўнглингни Аллоҳга ташлайсан – агар берса, шукур қиласан, агар олса, сабр этасан.
Аллоҳ таоло васлига етмоқлик – ўн етти даражага кўтарилмоқликдир: энг биринчиси – итоат ва олийси Унинг ҳақиқатига таваккул қилмоқликдир.
Қаноат – ризқни Аллоҳдан олишдир.
Таваккул – инсон қалбининг Аллоҳ билан таскин топганидир.
Али ибн Ҳусайн деди:
– Эй Абу Туроб, йўл узоқ, саҳрода озиқ топиш мушкул, захиранг қани?
Абу Туроб деди:
– Саҳрода кўпроқ яхши ҳамроҳ керак.
Энг шарафли қалб – Аллоҳ таоло фаҳм нури билан ёритган, мунаввар этган, Аллоҳ зикри билан тирик қалбдир.
Аллоҳ таоло ҳар бир замонда ўша замон аҳли муаммоларини замон уламолари тилига қўйиб гапиртиради.
12. АҲМАД АЛ-ХУЗРАВИЯ АЛ-БАЛХИЙ
Хуросон машойихларининг улуғи Аҳмад Хузравия тариқат ва ҳақиқат ичра комил, маърифат ва тавҳид илмида камолотга эришган, тариқат тасарруфчиси эди.
Аҳмад Хузравия VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи чорагида Балхда яшаган. Ҳотам Асаммнинг муриди бўлган. Абу Туроб Нахшабий, Иброҳим Адҳам, Яҳё Маъоз, Ҳотам Асамм билан ҳамсуҳбат бўлган. Аҳмад Хузравия бир неча марта Макка ва Мадинада бўлган. Ҳаж сафарларидан бирида Нишопур ва Бистом шаҳарларида бўлиб, машҳур донишмандлар Абу Ҳафс Ҳаддод, Боязид Бистомийнинг муборак нафасларидан файз топган. Аҳмад мурувват ва футуват бобида мислсиз мартабага эришган.
Шайх Хузравия доим аскарлар либосида юрган. Унинг мингдан ошиқ муриди бўлиб, «ҳар бири сув устида юриш, қушдек учиш» даражасига етган.
Аҳмад Хузравия тахминан 240/854 йилда вафот этган. Қабри Хуросонда.
Аҳмад Хузравиянинг уйига ўғри тушди. Кўп айланиб, ҳеч нарса тополмади. Ноумид бўлиб қайтиб кетмоқчи бўлди.
Аҳмад деди:
– Эй йигит! Челакни олгин-да сув тўлдириб кел! Таҳорат олиб, намозга машғул бўл! Шу орада қўлимга бирор нарса тушса сенга бераман, токи уйимдан қуруқ қўл билан қайтиб кетмагин.
Йигит шайхнинг айтганини қилди. Тонг отгач бир одам шайхнинг ҳузурига юз эллик динор келтирди.
Шайх йигитга деди:
– Ол, бу динорлар бир кечалик намозинг мукофотидир.
Ўғрининг ҳолати ўзгариб, аъзои баданига титроқ тушиб, йиғлаб юборди. Йигит деди:
– Йўлдан адашган эканман. Бу кеча Аллоҳ таолога ибодат қилганим боис менга шунчалик иззат-икром этди.
Йигит тавба қилиб, Аллоҳ йўлига кирди. Олтинларни қабул қилмади. Шайхнинг содиқ муридларидан бири бўлди.