Бу ёғи қизиқ бўлди-ку… Наҳотки булар аҳдлашишган бўлса-ю… Бир ками энди Қоработир бўлиш қолувди… Аммо агар аҳдлашишганлари чин бўлса, йигит нега энди, Тоҳирдан «одам борганидан» сўнг ғимирлаб қолди?..
Тоҳир қиз билан учрашувга чиқиш олдидан янгалар кўмагида орқаворатдан суриштириб билишга, вазиятга ойдинлик киритишга уринди. Аён бўлдики, овулнинг нариги бошроғидаги уйда уйланган, таксичилик қиладиган акаси, касалмандроқ онаси билан яшайдиган Бердиқул қизга бир эмас, уч марта совчи йўллаган, аммо нимагадир ҳар гал рад жавоби олган. Умуман, овулга кейинроқ кўчиб келганлар сафида бўлган бу оила кўпчиликка унчалик аралашмас, ҳали бошқалар билан қариндош-уруғ бўлиб ҳам улгурмаган эди.
Тоҳир не қилсин?.. Уятчан Жамила билан қисқагина давом этган илк учрашувга чиққанида бу хусусда сўрай олмади, буни эркак кишига ярашмайдиган иш деб ўйлади; аммо «Кўнглингизда кимдир бўлса, янгаларингизга айтинг, мен тушунаман», дея олди; бунга жавобан қиз дув қизариб, ерга қаради, шу билан бошини қайта кўтармади…
Тез орада тўй бўлди. Базм оқшоми Бердиқул деганлари ичиб олиб, тўполон кўтармоқчи бўлди шекилли, йўқ жойдан баҳона топиб, атай уч-тўрт меҳмон билан ғижиллашиб қолди, биттасининг қаншарига ўхшатиб мушт туширишга ҳам улгурди; аммо у пайтлар овулда оқсоқолларнинг обрўйи баланд эди, бундай ғиди-бидилар уларнинг бир маънодор қош учириши билан барҳам топарди: Бердиқулни ҳам тўрт-беш забардаст йигит шартта кўтариб тўйхонадан олиб чиқиб кетишди, кимнингдир молхонасига олиб бориб қамаб қўйишди, устидан қулфлаб кетишни ҳам унутишмади. Роса уринса-да, кафтдай дарчадан чиқиб кетолмаган Бердиқул уриб-тепиб, ахийри бир амаллаб лойсувоқ томни тешиб чиққанида эса аллақачон тонг ёришган, инчунин, бўлар иш бўлиб, бўёғи кўчган эди…
Биринчи муҳаббат тошга ўйилган хат мисоли бир умр юракда сақланиб қолади, дейишарди. Ҳақ гап шекилли. Илло Тоҳир – буни ўзи тан олишни истамаса-да – уйланганидан кейин ҳам анча маҳалгача Гулнозани унутолмай юрди. Айниқса баъзан кечалари юраги бир сиқилади-ей… Бунақа маҳаллари «дод» деб кўчага чиқиб кетсанг-у, кетаверсанг, кетаверсанг… қаёққалигини ўзинг ҳам билмасанг… оёқларингни тошлар кесса, юз-баданингни тиканлар тилса… сен шунда ҳам сақичдай зулмат оғушида ортингда қонли из қолдирганча кетаверсанг… ва қай бир манзилга борганингда «гуп» этиб йиқилсанг… ҳеч нарсани ўйлай олмай қолсанг, ҳеч нарсани эслай олмай қолсанг… кўзларингни йирганча беҳис-беруҳ аҳволда ётаверсанг…
Ваҳоланки, Тоҳир Яратганга шукроналар айтса арзирди: қисмат унга оқила, меҳрибон, ғамхўр, болаларча беғубор жилмайиб турадиган аёлни ёстиқдош этганди. Жамила эрини бошига кўтарар даражада самимий, содда жувон эди. Буни сезгани, ҳис қилгани сайин эса Тоҳир баттар азобланарди. У аёлини иззат-ҳурмат қиларди, керак бўлиб қолса ҳеч ўйланиб ўтирмасдан унинг учун жонини ҳам қурбон этарди, аммо – ҳар қанча истаса-да