бўлганида ҳамма ҳам яхшилик қуршовида умр кечирган бўларди. Романда ўйлаб иш қиладиган, фикрида собит, қатъиятли Тоҳир учун эзгу амаллар қилиш қанчалар қимматга тушгани кўрсатилар экан, унинг бу йўлга бирданига ўз-ўзидан келиб қолмагани бутун мураккаблиги билан кўрсатилади. Ёзувчи бу жараённи батафсил тасвирлаб ўтирмай, констататив динамика усулидан фойдаланиб иш кўради: «
Тоҳир… аста-секинлик билан, заррама-зарра, томчима-томчи… қалбидаги мутеликка монанд туйғуни ситиб чиқара бошлади… Ў, осон кечмади бу жараён, осон кечмади! Эҳ-ҳе, бунинг эвазига не-не қора кунлар тушмади бошига, не-не қарғишларга учрамади, не-не яқин жигарлари, қондош хешлари юз ўгириб кетишмади ундан! Ҳатто ёлғиз опаси… Алкаш эри ов ман этилган мавсумда бир қайиқ балиқ билан қўлга тушиб қолганида аввал оёқлари шишиб кетган опанинг ўзи эланиб келди… кейин… кимлар ақл ўргатишган, ноаён!.. …ягона бойлиги – болали сигирини етаклаб… Йиғлади… Ранги қорайиб кетган укасини кўндиролмаслигини англагач… кўз ёшларига кўмилганча судралиб қайтиб кетди… Жиянларнинг-ку, ҳалигача Тоҳирни кўрарга кўзлари, отарга ўқлари йўқ…». Инспектор шахсиятига хос етакчи хусусиятлар муаллифнинг ана шу тавсифида яққол намоён бўлади. Аслида ҳам пўлат оловда тоблангани янглиғ одам ҳам қийинчиликларда синалади. Эзгулик йўлидаги қийинчиликларга чидаш бериб, манфаат учун эътиқодига хиёнат қилмаган кишиларгина бундай синовлардан ўта олади. Тоҳирнинг ана шундай шахс экани бутун асар давомидаги турли воқеалар тасвири мобайнида аёнлашиб боради.
Тоҳирнинг шахсий ҳаётда омади келмаган: у севган қиз бошқага турмушга чиқади, кўнгилсиз бўлсада, уйланиб фарзанд кўрган, меҳрибонлик қилган аёли Жамила бировни қутқараман деб, дарёга чўкиб кетади. Энг ёмони ўзи хаёлига ҳам келтирмаган ва истамаган ҳолда Жамилани севган Бердиқулнинг ҳаётини синдириб, унинг қаттол душманига айланади. Ҳалол бўлгани, фойда эмас, бурчни ўйлагани боис бири икки бўлмайди, боши ташвишлардан чиқмайди. Лекин у эътиқодига хиёнат қилмайди, ҳалоллигича қолабилади. Ўлим келганда ҳам ҳақ йўлидан қайтмайди. Айни вақтда у – ғоят кўнгилчан ва меҳрибон одам ҳам. Тоҳир фақат дарёнинг, яъни эзгуликнинг душманларигагина аёвсиз. Унинг: «Катта дарёга муҳаббатнинг ёнида ҳамиша инсонга муҳаббат учун ундан ҳам каттароқ жой қоларкан…», – деган тўхтамида шахсиятига хос фазилатларни ҳаракатга келтириб турган одамий одамларга адоқсиз муҳаббатдай маънавий асос акс этган. Тоҳир дарёни қанчалик севса, унинг ёлғизгина ўғли Дилмурод онасини ютиб кетгани учун дарёни шунча ёмон кўриши билан ота ҳаётининг фожиа-вийлик даражасини янада оширади. Қаҳрамонга хос бу жиҳатлар романда ўта таъсирли ифодасини топган.
Асарда Абдуқаюм Йўлдошнинг инсон концепцияси ғоят ўзига хос йўсинда намоён бўлган. У бадиий тасвирда ҳар битта персонаж шахсияти ғоят хилма-хил маънавий иплардан тўқилган рангин мато эканидан келиб чиққан ҳолда иш кўради. Шу сабаб тимсоллар тасвирида турфа ранглардан маҳорат билан фойдаланади.