Уч мушкетёр. Александр Дюма. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Александр Дюма
Издательство: Kitobxon
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-08-894-8
Скачать книгу
у ижирғаниб. – Наҳот Тревиль бу гасконлик йигитни ёнимга юборган бўлса? У ахир жуда ёш-ку! Аммо, ёши нечада бўлмасин, қасд қилган кишининг қилич зарбаси – бу қилич зарбаси-да. Бола эса менга унча хавф солаётгани йўқ. Пайти келганда арзимаган ишкал улуғ мақсадга етишга ғов бўлиши мумкин.

      Нотаниш киши бир неча дақиқа ўйга чўмиб қолди.

      – Қулоқ солинг, соҳиб! – охири деди у. – Шу телбадан мени халос қилишни бўйнинггизга ололмайсизми? Уни ўлдиришга виждоним қўймаяпти, аслида эса… – унинг юзида қаҳрли совуқ ифода пайдо бўлди, – аслида у менга халал беряпти. У қаерда ҳозир?

      – Хотинимнинг хонасида, иккинчи қаватда. Унинг ярасини боғлашяпти.

      – Анжомлари ва ён халтаси ўзи биланми? Камзулини ечгани йўқми?

      – Камзулиям, ён халтасиям пастда, ошхонада қолди. Энди бу ёш девона сизга халал бераётган экан…

      – Халал беряпти, албатта меҳмонхонангизда дуруст одамларнинг тинчини бузиб, тўполон қиляпти… Боринг-да, менга ҳисобни тайёрлаб, хизматкоримни огоҳлантириб қўйинг.

      – Ие? Жаноб олийлари бизни ташлаб кетяптиларми ҳали?

      – Бу сизга аввал ҳам маълум эди. Мен отимни эгарлаб қўйишни буюриб эдим-ку. Буйруғим бажарилмадими ҳали?

      – Бажарилди. Жаноб олийларининг ўзлари кўриб, ишонч ҳосил қилишлари мумкин – от эгарланган, дарвозанинг ёнида турибди.

      – Яхши, ундай бўлса, айтганларимни қилинг.

      «Ана холос! – ўйлади хўжайин, – У боладан қўрққан бўлмасин тағин?»

      Бироқ, нотаниш кишининг нуфузли нигоҳи унинг фикр оқимини таққа тўхтатди. У ялтоқланиб таъзим қилди-да, чиқиб кетди.

      «Бу муттаҳам миледини кўриб қолмаса бўлгани, – хаёл сурарди нотаниш киши. – У тез орада ўтиб кетиши керак. У ҳаяллаб ҳам қолди. Яхшиси, мен отда унинг истиқболига юрақолай… Қани энди де Тревилга ёзилган ўша мактубда нималар ёзилганини билолсам!..»

      Нотаниш киши ўзича алланималарни шивирлаб, ошхонага йўл олди.

      Бу орада харобот эгаси ёш йигитнинг шу ердалиги нотаниш кишини мусофирхонани тарк этишга мажбур қилгани хусусида ҳеч гумон қилмасдан хотинининг хонасига чиқди. Д’Артаньян ўзини анча ўнглаб олган эди. Кибор мансабдор билан – нотаниш кишининг киборлигига харобот эгаси шубҳаланмасди – жанжал қўзғагани учун полиция аралашуви мумкинлигини шама қилиб, хўжайин д’Артаньянни, дармонсизлигига қарамай, ўрнидан туриб, йўлга отланишга ундамоқчи бўларди. Д’Артаньян ҳалиям ярим гангиган, камзулсиз бошига сочиқ боғланган ҳолда қўзғалди ва хўжайин томонидан аста-аста туртилиб, зинапоядан туша бошлади. Аммо, ошхона бўзағасидан ҳатлаб ўтгач, деразага ногоҳ қараганда кўзига чалинган биринчи киши катта-катта қўш норманд отлари қўшилган ёпиқ фаетоннинг зинасида туриб, аллаким билан бемалол сўзлашаётган ўзининг дилозори бўлди.

      Унинг файтон деразаси ромидан боши кўриниб турган суҳбатдоши йигирма-йигирма икки ёшлардаги ёш жувон эди. Биз д’Артаньяннинг инсон юзи хусусиятларини қандай тез кўра билишини зикр этиб ўтгандик. У хонимнинг ёшлиги ва соҳибжамоллигини кўрди. Бу ҳусн д’Артаньян шу маҳалгача ўзи яшаб келган жанубий Франция учун мутлақо