Бола уни уйғотиб ўтирмай чиқиб кетди, қайтиб келганда, чол ҳамон уйқуда эди.
– Тур! – уйғотди уни бола ва қўлини чолнинг тиззасига қўйди.
Чол кўзини очди ва бир муддат қаердандир, жуда узоқлардан қайтаётгандай бўлиб турди. Кейин у жилмайди.
– Нима олиб келдинг?
– Егулик келтирдим. Ҳозир овқатланамиз.
– Ҳали унча очиққаним ҳам йўқ.
– Келсанг-чи энди, оч қоринга балиқ овлаб бўлармишми?
– Баъзан шундай ҳам бўлган, – деди чол ўрнидан қўзғаларкан, газетани тахлай туриб, сўнг у кўрпасини йиғиштира бошлади.
– Кўрпани йиғиштирма, – деди бола. – Мен тирик эканман, овқатланмасингдан туриб, сени балиқ овлашга қўймайман.
– Ундай бўлса, дард кўрмагин, умринг узоқ бўлсин, – деди чол. – Қани, нима еймиз.
– Қора ловия билан гуруч, қовурилган банан ва яхна гўшт.
Бола овқатни Террас ресторанидан металл идишда олиб келган эди. У санчқи, пичоқ ва қошиқларни чўнтагига солиб олган, буларнинг ҳар бири алоҳидаалоҳида қоғоз салфеткаларга ўралган эди.
– Шунча нарсани сенга ким берди?
– Ресторан хўжайини, Мартин.
– Унга раҳмат деб қўйиш керак.
– Хотиржам бўл, мен уни рози қилдим, – деди бола.
– Мен унга катта балиқнинг энг сергўшт жойидан бераман, – деди чол. – Ахир, бу унинг бизга қилаётган биринчи ёрдами эмас-ку.
– Йўқ, биринчи эмас.
– Ундай бўлса, бир бўлак гўшт озлик қилади. У бизга кўп яхшилик қилган.
– Бугун-чи, пиво ҳам берди.
– Мен ҳаммадан ҳам консерваланган пивони яхши кўраман.
– Биламан. Лекин бугун у шишада пиво берди. Шишасини қайтариб бераман.
– Хўп, раҳмат сенга, – деди чол, – кел, овқатланайлик.
– Мен сенга қачондан бери овқатланайлик, деяпман, – деди меҳрибонлик билан бола. – Овқат совуб қолмасин деб, идишнинг оғзини очмай, кутиб турибман.
– Ҳай майли, ювиниб олсам бўларди-да.
«Қаерда ҳам ювинардинг?» – ўйлади бола. Бу ердан колонкагача икки квартал бор эди. «Унга совун ва яхши сочиқ олиб бериш зарур, сувнинг ҳам кетини узмаслик керак. Бу тўғрида нега аввал ўйлаб кўрмаган эканман. Унга янги кўйлак, қишки куртка, бирон этикпетик ва яна бир кўрпа ҳам лозим».
– Лаззатли гўшт экан, – мақтади чол.
– Бейсбол ҳақида гапириб бер, – сўради ундан бола.
– Америка лигасида, мен айтганимдек