У румпелни қўлтиғида қисиб туриб, елкан арқонини оёғи билан босиб олганча, айтган ишини қилди.
– Ана бўлмаса, – деди у. – Мен чол бўлсам-да, одамнинг хўрлигини келтирар даражада ожиз ва яроқсиз эмасман.
Сарин шамол эсар, қайиқ ҳам шитоб билан олға борарди. Чол балиқнинг фақат олд томонигагина қарар, қараган сари кўнглида умид учқунлари уйғона борарди.
«Умидсизлик – ҳалокат, – деб ўйларди у. – Бунинг устига, фаҳмимча, умидсизлик ҳатто – гуноҳ. Нима гуноҳу, нима гуноҳ эмас, деб бош қотириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бусиз ҳам дунёда бошни қотирадиган нарсалар тўлиб-тошиб ётибди. Тўғрисини айтганда, мен гуноҳ бўлган нарсаларни яхши тушунмайман.
Тушунмайман ҳам ва эҳтимол, уларга ишонмайман ҳам. Балки балиқни ўлдиришим гуноҳ бўлгандир. Мен уни очдан ўлмаслик ва яна талай одамларнинг қорнини тўйдириш учун ўлдирган бўлсам ҳам, фаҳмимча, ҳа, гуноҳ бўлди. Унда, сен нима қилаётган бўлсанг, бари гуноҳ-ку. Нима гуноҳу, нима ногуноҳ – буни ўйлаб ўтиришдан ҳожат йўқ. Боз устига вақти ҳам ўтди, бундан ташқари, гуноҳлар билан шу тўғрида бош қотириб, бош қотирганликлари учун ҳақ оладиганлар шуғулланаверсин. Ҳа, худди ўшалар гуноҳнинг нималиги устида бош қотираверсин. Худди балиқ – балиқ бўлиш учун туғилганидек, сен ҳам балиқчиликка туғилгансан. Авлиё Пётр ҳам балиқчи эди, улуғ Ди Маджионинг отаси ҳам шу касб соҳиб адоси бўлган».
Бироқ чол ўзини қуршаган нарсалар ҳақида мулоҳаза юритишни яхши кўрар, ўқийдиган китоби, эшитадиган радиоси бўлмагандан кейин, жуда кўп ўйлар, шу жумладан, гуноҳ устида ҳам бош қотирар эди. «Сен балиқни бошқаларга сотиб, шу билан бир кунингни кўриш учунгина ўлдирганинг йўқ, – деб ўйларди у. – Сен уни бир сираси орият туфайли ва қолаверса, балиқчи бўлганинг учун ҳам ўлдирдинг. Бу балиқ тириклигида сен унга кўнгил қўйдинг, ҳозир ҳам уни яхши кўрасан. Кимнидир севсанг, уни ўлдириш ҳам гуноҳ эмас. Балки, аксинчадир, оғирроқ гуноҳдир?»
– Сен ҳаддан ташқари кўп ўйлаяпсан, қария, – деди у овоз чиқариб.
«Бироқ сен dentusoни жон-жон деб асфаласофилинга жўнатдинг-ку, – ўйлади чол. – У бўлса худди сенга ўхшаб, балиқ ўлдириб бир кунини кўради. Ҳаром-харишни ҳам жиғилдонига шунчаки бир қорин тўйдириш учун уриб қўя қолмайди ва худди бошқа акулаларга ўхшаб, номигагина еб тўймас палид эмас. У қўрқинч нима билмайдиган чиройли ва олижаноб махлуқдир».
– Мен уни ўз жонимни ҳимоя қила туриб, ўлдирдим, – деди чол овоз чиқариб. – Ўлдирганда ҳам, боплаб ўлдирдим.
«Яна денг, – деб ўйлади у, – ҳамма ҳам нима бўлмасин, кимнидир ёки ниманидир ўлдиради. Балиқ ови мени ҳам гўрга тиқяпти, ҳам гўр оғзидан қайтариб олиб келяпти. Қўй, суйилма, чол. Балиқ ови эмас, бола сени гўр оғзидан қайтаряпти».
У бортдан эгилиб, балиқнинг акула ғажиган еридан бир луқма гўшт узиб олди. Гўштни чайнар экан, унинг сифати ва таъмига ўзича баҳо берди. У рангсиз бўлсада, худди сўқим гўшти каби лаҳм ва барра эди. Бундай чандирсиз гўштнинг бозори чаққон эканлигини чол биларди.