Соф дилли шоирнинг умри сингари
Севги бўсасидек дилбар, исинчоқ,
Кўзлари осмондек тиниқ, зангори,
Унинг табассуми, сарғиш кокили,
Рафтори, товуши ва енгил қомат
Безарди Ольгани… Лекин сиз фақат
Ҳар қандай романни олсангиз, унда
Топарсиз расмини: кўп ёқимли у.
Илгари ўзим ҳам севган эдим-ку,
Аммо зерикканман ундан ўлгунча,
Шунинг-чун, ўқувчим, рухсат сўрайин,
Унинг опаси-ла таништирайин.
Опасининг оти эди Татьяна…(12)
Бу романнинг нафис саҳифаларин
Шундай исм билан биринчи дафъа73,
Биз мушарраф қилдик, ҳеч тортинмайин,
Гарчи бу ёқимли, оҳангдор исм,
Бу билан боғлиқдир, мен биламанким,
Ўтмиш чўрихона хотиралари.
Ҳаммамиз эътироф қилайлик, рости,
Бизларда ҳам бизнинг отларимизда
Дид билан нафосат деган нарса оз.
(Шеърлар ҳақида индамасак соз!)
Маориф ва урфон юқмамиш бизга.
Фақат ундан бошқа қолмишдир мерос
Сохта нозу адо – мана шу холос.
Демак, унинг исми Татьяна эди,
На y синглисининг гўзаллиги-ла,
Юзининг қип-қизил олмадай ранги
Билан у кўзларни тортмас балки-да…
У камсўз, ёввойи, юзлари дардли,
Ҳуркакди ўрмоннинг кийиги каби.
Ўзининг туғишган оиласида
Кўринар ёт қизча каби Татьяна…
Билмасди у сира эркаланишни
На отасига-ю, на онасига;
Болалар ичида истамас сира
Ўйинни, сакрашни, ҳар ён чопишни;
Кўпинча дераза ёнида ёлғиз
Бутун кун жимгина ўтирарди қиз.
Бешикка беланган кунлардан буён
Ўйчанлик бу қизга ўртоқ эди чин.
Қишлоқда жим оқар осуда замон
Хаёллар-ла безар эди юрагин.
Нозик бармоқлари билмас нинани,
Кергига эгилиб, у бир каштани,
Турли нақшлар солиб ипаклар билан
Худди чаман каби жонлантирмаган.
Ҳукмрон бўлишнинг бор аломати:
Ювош қўғирчоқни ўйнаб ёш бола
Киборлик тартиби, назокатига
Ҳазил-ҳузил билан тайёрланади,
Бола онасидан олган сабоғин
Такрорлаб ўргатар ўз қўғирчоғин.
Шу кичик ёшда ҳам ҳатто Татьяна
Қўғирчоқларни ҳеч қўлга олмасди,
Шаҳар хабарлари, мода ҳақида
Қўғирчоқларини гапга солмасди.
Болалик шўхлиги надир, билмаган,
Қиш чоғи қоп-қора тунлар инаркан,
Қўрқинчли чўпчаклар қалбини асир
Қиларди… Энага ёш Ольга учун
Ҳамма ўртоқларин йиғиб бир ўйин
Қилдиришга олиб борганда ҳеч бир
Ўйинни истамас эди Татьянам;
Ёқмас Татьянага на жаранг кулги,
Болаларнинг енгил эрмаги, хулқи…
Рангсиз самоларда юлдузлар тўпи
Аста-аста сўниб йўқолар экан,
Балконда ўтириб,