Ўз фикрларининг алангасида
Шоир қайнаб кетиб ўқиб юборар,
Шимол достонлардан баъзи парчалар71,
Шунда тавозели Онегин эса
Шеърларни оз фаҳм этса-да, лекин
Йигитни тингларди қўйиб диққатин.
Хилватнишинларнинг фикрини лекин
Эҳтирослар кўпроқ этарди машғул,
Улар панжасидан қочиб, Онегин
Эҳтирос ҳақида сўзларди буткул,
Ноилож афсус ва хўрсиниш ила:
Ишқнинг тўлқинини тотиб, кейинча
Ундан қўл силтаган инсон бахтиёр,
Ундан-да бахтлидир кимки бехабар,
Ким ишқни айрилиқ билан совутса,
Душманликни енгса ғийбатлар билан,
Хотини, дўстлари ила ким баъзан
Сезмай рашк азобин тортса ҳомуза,
Боболарнинг ҳалол капиталини
Қиморга бой бермас, удир толели!
Биз ақли салимнинг тинч кўланкаси
Тагида ҳузурлар қидирган дамда,
Сўниб муҳаббатнинг ўт-алангаси
Уларнинг иноди, парвози ҳамда
Қалбимиздан чиққан сўнгги садоси,
Кулунч кўринаркан бизга ғавғоси;
Қийинлик-ла ҳалим ва ювош бўлган
Биз жуда севамиз тинглашни баъзан
Бегона ҳирсларнинг қизғин баёнин,
Бизнинг юракни у ўйнатар дарҳол
Кулбасидагина унутилган чол –
Майиб бир аскар ҳам худди шундайин,
Қулоғини тутар шавқ, ҳавас ила
Шоп мўйлов ёшларнинг ҳикоясига72.
Бироқ ёлқинланган оташин ёшлик
Ўз ичида сақлай олмас ҳеч нарса.
Хусумат, муҳаббат, хурсандлик, ғашлик
Барчасин сўзлашга тайёр ҳар лаҳза.
Муҳаббатда ожиз ҳисоблаб ўзин,
Тингларди билимдон тусда Онегин
Юрак тавбасини севувчи шоир
Ўз дардини қандай баён қиладир.
Шоир ўз беғубор, соф виждонини
Оқ кўнгиллик билан унга очганда,
Евгений билганди қулай шу онда
Шоир севгисининг ёш қиссасини,
Биз учун ҳеч янги бўлмаган туйғу –
Ҳислар-ла безалган ҳикоядир бу.
Оҳ, қандай севарди! Бизнинг паллада,
Сева олмас ҳеч ким худди у каби;
Муҳаббат қўйишга маҳкумдир яна
Ёлғиз бир шоирнинг тентакча қалби;
Ҳар қачон, ҳар ерда бир хаёл суриш,
Қонларига сингган бир орзу, куйиш,
Унга доим ҳамроҳ бўлган бир алам!
Кўнгилни совутар узоқликлар ҳам,
На йиллар чўзилган у айрилиқлар,
На-да музаларга берган пайтлари,
На ажнабий ерлар маликалари,
На фанлар ва на у шўх қийқириқлар,
Покиза оловлар билан исинган
Унинг руҳини ҳеч ўзгартирмаган.
Ёш, ўсмир чоғидан Ольгага асир,
Ишқнинг азобларин билмасдан ҳали,
У қизнинг гўдакча шўхлигига бир
Меҳрибон шоҳидди унинг юраги,
Ўрмонларнинг қуюқ кўланкасида,
Шерикди Ольганинг