Кемалар қабристони поручикни ҳануз ҳайратга соларди. У чиндан ҳам чексиз эди. Ютаро Тода тушунмасди – нега поморлар кемаларни ташлаб юборади, наҳотки улар бирор нимага ярамаса? Лекин яқинроқдан кўргач, у ташландиқ кемаларнинг бари кераксиз лаш-луш эканини тушунди. Ёғочлар кўп йиллик хизматлари давомида чириндига айланиб бўлганди. Уларни қуртлар илматешик қилиб ташлаганидан ҳатто ўтинга ҳам ярамасди. Намиқиб, чириш ва моғордан қорайиб кетган бу ёғочлар тутаб ёнар, иссиқ бермасди.
Айрим кемаларнинг палубаси ҳали мустаҳкам бўлсада, баъзиларида юриш хавфли эди, оёқ қўйилса, улар ёрилиб кетиб, сув хира ойнадек йилтираётган ва борт боғичларининг ўткир синиқлари кўриниб турган остки бўлмага тушиб кетиш мумкин эди.
Кемалар қабристони каламушлар ошёнига айланганди. Улар бу ерда том маънода сон-саноқсиз эдилар. Одамларни кўрганда, чийиллаб, пана жойга қочар, у ердан мунчоқдек кўзлари йилтирарди. Довюракроқлари эса кема томларига чиқиб олиб, у ердан келгиндиларни кузатар, на ҳайқириқларга, на аскарларнинг уларга қарата отган ёғоч бўлакларига парво қиларди. Ютаро Тода “Ёқимсиз махлуқлар бу ерда нима билан озиқланаркин” деб ҳайрон қоларди. Кеманинг остки бўлмаларидаги одам скелетлари ва ўзларига ўхшаш йиртқич махлуқларнинг суякларини кўргандагина кемирувчилар балиқчиларни ва бир-бирларини еб кун кўришини тушунди. Каламушлар ақл бовар қилмас тезликда ва улкан миқдорда кўпаяр, ўзлари емак эҳтиёжи ва истеъмол орасидаги мувозанатни сақлаб туришарди.
Қуёш янада сезиларни қиздира бошлади. Намиққан ёғочлар қуриди ва осмонга кемалар қабристони узра ҳовур кўтарила бошлади. Бу эса атрофдаги манзарани бузди ва худди жонсиз кемалар елканлари билан ўзидан-ўзи тутаб ёнаётгандек, шусиз ҳам хиралашган