– Керак эмас. Чиқинг! Мени ўз ҳолимга қўйинг!
– Ундай дема. Сен… яхшилар орасида яшашинг керак.
Мен уни сал-пал зўрлаб бўлса-да, каравот четига тортиб келиб ўтқаздим. У энди иккала қўли билан юзини чангаллаб олган, бор вужуди билан сезиларли даражада титраб туришидан, мен унинг ич-ичидан эзилиб йиғлаётганини сезиб турибман.
– Ишонмай турувдим-а…– у энди қўлларини юзидан олмаган ҳолда бошини бироз сарак-сарак қилиб қўйди.– Ёпишмаган ямоқ бўлиб ўтиришингиздан юрагим сезиб турувди.
– Нима десанг, дейвер. Лекин бу уйдан иккаламиз бирга чиқиб кетамиз.–Мен креслога баҳузур жойлашиб олиб, ўзим истамаган ҳолда сигарет олиб тутатдим.
Ногоҳ Тахмина ўрнидан ҳорғин турди. Нарироқ бориб, шифоньернинг ярим очиқ эшиги устига ташлаб қўйилган халатини олиб кийди, бел чилвириниям боғлаб олди. Кейин иккала қўлини кўкрагига чалиштирганича ғоз туриб, силлиқ овозда деди:
– Илтимос, мени тинч қўйинг. Чиқиб кетинг, Феруза опага гапимиз қовушмади, деб қўя қолинг…
– Чиқмайман. Бироз ўтир, кейин…
– Ундай бўлса, мен чиқиб кетаман, – у эшик томон йўналди.
– Тўхта, мени ёлғиз қолдирма.
– Феруза опани киритиб юбораман. Эртагингизни унга айтиб берасиз.
– Бас қил. Ўтир жойингга. Бугун сен меникисан, шунга келишилган, – энди сал дангалроқ бўлишга тўғри келди.
Тахминага бу гапим таъсир қилди шекилли, аввалига менга ўқрайиброқ қараб қўйди-да, кейин:
– Нима, тонг отгунча жамолингизга тикилиб ўтиришим керакми?деди.
– Менинг жамолимга тикилиб ўтирмайсан. Мен сен билан дурустроқ танишиб олсам бас.
Тахмина турган жойида туриб қолди. Бир лаҳза қандайдир хаёлга борди чоғи, яна каравоти четига қайтиб келиб ўтираркан, юзимга дадил боққанча саволларни қалаштириб юборди:
– Нима дейсиз ўзи? Мени қаерга олиб бормоқчисиз? Мелисахонагами? Ёки уйингизгами? Ё бўлмаса… – ногоҳ у телбаларча хандон отиб кулиб юборди:
– Ё бўлмаса, биронта бўш уйингиз борми? Мени «любовница» қилиб олмоқчимисиз? Кучингиз етадими? – у бемаъни илжайганча кўзларини ишвали сузди.
«Қани, гапириб қол, ичингдагини тўк», деганча жим ўтирибман. Тахмина яна давом этди:
–Тавба, сираям тушунолмаяпман. Мени нимадан, нима учун қутқаришлари керак? Мени кимга оғирим тушипти?
Ҳамон жимман. Ниҳоят қўлимда тутаб турган сигаретни унга илтифот қиламан. Олади. Энди оёқларини чалкаштирганча ўтирволиб, мен томон бепарво тутун қайтараркан, ундан: «Яна ўн граммдан ичсакчи?» деб сўрайман. «Ўзингиз олиб чиқинг, мени уришиб беради», дейди у хотиржам оҳангда.
Шундан сўнг ўрнимдан туриб, Куйдирги ётган хонага чиқдим. Бу ерда ҳам яшил рангли электр чироқ жонсиз шуъла сочиб турар, қанотлари туширилган диван каравотда Куйдирги чўзилиб ётипти. Мен уни ухлаб ётган гумон қилиб, ичимликлар териб қўйилган сервант ёнига оҳиста ўтарканман, Куйдирги гўё мени кутиб тургандай, дабдурустдан гап ташлади: – Сиз унга эртак айтиб беряпсизми?
Мен