Куйдирги ўз ҳолича коньяк қуя бошлади.
– Мен бошқа ичмайман, – дедим. – Буёғи етарли бўлди.
– Ўргилдим сиздан, қанақа йигитсиз ўзи?! – У қадаҳлардан бирини қўлимга мажбурлаб тутқазди: – Ичиб қолинг, ўйнаб қолинг. – Тўғрику-я, лекин…
– Нима лекин? – У менга ишвали боқади.
– Мен кўп ичолмайман, маст бўлиб қоламан.
– Аёлларнинг гапини қилманг,–қўл силтайди у. Кейин менга конфет очиб узатаркан, қўшиб қўяди:–Ичинг. Дўстлик тори узилмасин! Хаёлим Тахминада. Ишқилиб ухлаб қолмасин-да. Кейин ундан гап олиш қийин бўлади. Ё тавба… зап ажойибига дуч келдим-ку. Ким бўлди бу қиз? Қайси гулшандан, қайси бахти қаро ота-онанинг арзандаси бўлсайкин? Куйдирги уни қаердан илаштирган? Бу даргоҳда яна қандай сиру синоатлар бор?
– Феруза, мумкинми сиздан бир нарсани сўрасам?
Куйдирги менга ажабланиб боқади.
– Сўранг, Баҳодир ака. Сираям ийманманг.
– Мен анави… Тахмина жияним бўлади, дедингиз. Анча ёш кўринади, эр-пери йўқми?
Куйдирги кутилмаганда ҳиринглаб қўяди.
– Э-э, унда эр нима қилсин. Ёш, гулғунча бўлгани билан кўпни кўрган,– Куйдирги шундай дея магнитофон овозини ўчириб, яна сўзида давом этади.– У мани жияниммас, жўрттага шундай дедим. Бу қиз… гастролда юрган қумрилардан. Тўғри, бунақаси камдан-кам учрайди, лекин кетворган, сволоч. Ўзимам уни бағримда олиб ётсам, дейман.
У хандон отиб кулади.
– Ўргилдим сиздан, Баҳодир ака. Шундай бахт қуши қўлингизга қўниб турган бўлса-ю, сиз бу ерда мен билан савол-жавоб қилиб ўтирибсиз. Тўхтанг, тўхтанг, мумкинми мен ҳам сиздан бир нарсани сўрасам?
– Марҳамат…
– Ўшда ким бўлиб ишлайсиз?
– Менми? – ўзимни ўнглаб, фикрларимни жамлаб олиш ниятида гапни чўзмоқчи бўламан. – Мен… оддий шопирман. Такси ҳайдайман. – Саттор шўрбалиқ билан шу боис таниш экансиз-да?
– Ҳа, худди шундай. – Ногоҳ капитан Суннатовнинг нима учун менга: «Воҳидов Абдусаттор, такси ҳайдовчиси, новча бўй, қотмадан келган, чўтир юз, аскиябоз, лақаби Шўрбалиқ, ёши элликларда», деб обдон таъкидлаб қўйганини энди англаб кетдим. Уй бекаси бу нарсаларни мени синаш мақсадида сўраб қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаскан. – Мен у киши билан эскидан танишман. Лекин нима учун лақабингиз Шўрбалиқ деб сўрасам, жаҳли чиқарди…
– Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Қуритилган шўрбалиқдай қотма, чўтирлиги учун. Лекин жаҳлдор эмас, ҳамиша куйдирилган калладай тиржайиб аскиябозлик қилиб юрадиган одам-ку… – мен Куйдиргидан қўшимча саволларни кутмаёқ, уни тинчлантириб қўя қолдим.
Уй бекаси менинг Саттор шўрбалиқ ҳақидаги тавсифимга анча эътибор берганини унинг юз-кўзларидан уқиб турардим. Бироқ буни сездирмасликка ҳаракат қилади.
– Ўзи хунук бўлсаям пули кўп эди, – у энди анча очилиб қолди. – Мана шу уйниям менга подарка