– Бас қил, Тахмина. Меҳмонни уялтирма.
Гап нимадалигини тушунолмай, икковига ҳайрон боқаман. Лекин Тахмина гапидан қайтмайди, кўнглидагини айтиб қўя қолади:
– Биз учун… эркак зоти ёшми-қарими, хушрўйми-хунукми, совсем не фарқует. Бошида кумуши, чўнтагида олтини, тиззасида темири бўлса бас!
Учовлон мириқиб кулишиб оламиз. Бу «формула» учун яна биттадан қадаҳ бўшатамиз.
Ичимда ўз-ўзимдан ҳайратланаман. Турмуш чиғириқлари кимларни не йўлларга бошламайди, не кўйларга солмайди. Ҳаётнинг ўзи унисини ундай, бунисини бундай андозада, кимнидир анча барвақт, кимнидир анча кечроқ дурадгор уста қўлидаги оддий ёғочдек тарошлайди. Инсон ундан топган ўз тушунчаси ва тафаккури, идрок ва ақидаси билан ўралашиб, бу ёруғ дунёнинг мағзи ва мазмуни, бор-буди ва ниҳояси шундангина иборат, деб умр кечираверади…
Базми жамшидимиз тобора қизиётгани ёки бирон-бир тамаддисиз қуруқ конфет билан газак қилинган уч-тўрт қадаҳнинг таъсириданми, ҳар қалай орамиздаги бегоналик пардалари анча кўтарилиб, гапларимиз қовушиб қолди.
Мен нишонга етиб бораётганимдан хурсанд эдим. Лекин ўз ўрнида, мени шу тоб масаланинг бошқа томонлари ташвишга солиб турарди. Аввало, Куйдиргининг ҳамон менга гоҳ-гоҳ тикилиброқ қўйишидан ҳадикдаман. Бундан ташқари, ҳалироқ ўртада «Меними ё уними?» деган савол туғилганда қандай йўл тутиш лозим? Мабодо лозим келиб қолса, ишора қилинаётган, уларни руҳлантираётган пулни мен қаердан олиб бераман?
Шундай қилиб, бу кечани шу ерда ўтказишга қарор қилганим хонадон маликаларига анча маъқул тушди. Куйдирги ҳам, Тахмина ҳам очилибсочилиб кетишди. Бирон-бир таом тайёрлаб, стол тузамоқчи ҳам бўлишди. Қорним очроқ бўлишига қарамай, кўнглим тортмади. Ортиқча машмашанинг ҳожати йўқ, суҳбатимиз совумасин, деган баҳонани қилдим. Шундан кейин столча устига Куйдирги келтириб қўйган озгина колбасаю, уч-тўртта олма ва конфет билан кифояланган бўлдик.
Фақат… ҳамон ўша ҳолатда, бор-будини жўрттага кўз-кўз қилаётган Тахминадан фикру хаёлимни узолмайман. Тобора қизиб, гулхан бўлиб кетишдан ўзимни базўр сақлаб ўтирибман. Ахийри бўлмади, мен ундан эгнига халат ташлаб чиқишини илтимос қилдим. Тахмина қийқириб кулиб юборди:
– Тоғам ахийри чидамадилар!
Куйдирги ҳам унга қўшилишиб кулди-да, кейин менга далда берган бўлди:
– Ҳа энди, эркак киши эркаклигига боради-да. Тағинам Баҳодир ака анча сипо эканлар, бўлмаса аллақачон таъзирингни бериб қўярдилар…
– Ёмон кўрганим сиполик, – Тахмина тафтидан тушмайди. Темирни қизиғида босмайдиган эркакларга дуч келсам, қиз бола бўлиб туғилганимга ўкинаман!
Бопладинг, дейман ўзимча. Эркак бўлиб туғилиб, бундайин ҳақоратга сираям дуч келмаганман. Бироқ наилож, сабрнинг таги олтин, деганлар. Чидайман.
У мендан жўрттага аразлаган бўлиб, ғунча лабларини чиройли буриб яна саллона-саллона юриш билан ичкари хонага кириб кетди. – Киринг. Орқасидан киринг…
Куйдирги менга синовчан қараб қўяди.
– Йўқ, – дейман чўрт кесиб. – Кирмайман.
– Нега