Ушбу маълумот Абу Саъид ва унинг ўғли Навоийдан мутлақо хавфсирамаганини билдиради. Агар султон Навоийнинг Ҳусайн Бойқарога яқин алоқаси борлиги учун душманона кайфиятда бўлганда эди, унда Абулқосим Бобурнинг амирларини ўз хизматига олганини қандай изоҳлаш мумкин? Уларнинг кўпчилиги Ҳусайннинг устозлари ва яқинлари бўлганлар (Худди шундай Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам Абу Саъиднинг амирларини ўз хизматига олган). Темурий султонлар наздида кўкалдошлар ва амирлар қайси бир темурий султонга хизмат қилганига қараб эмас, балки умуман, темурийлар сулоласи султонларига яқинликларига қараб қадрланган. Шунинг учун ҳам султонлар ўзгараверсалар-да, кўпчилик амирлар иззат-ҳурматда қолаверганлар. Кўкалдошлар темурийларга яқин кишилар сифатида шу давлат ҳудудида алоҳида эътиборга эга бўлганлар. Темур тузуклари қоидаларига кўра, ғаним тарафидан кимки ўз давлатидан умидини узиб, бир подшоҳ қошига келиб, хизмат қилса, бу подшоҳ уни азиз тутиши, унинг мухолиф подшога вафодорлигини унутиб, мартабасини улуғ қилиши лозим бўлган. Бу жиҳатдан ҳам тадқиқотларда айтилган Абу Саъиднинг Навоийга Ҳусайн билан бирга ўсганлиги учун ёмон муносабатда бўлиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Заҳириддин Бобур Навоий сиймосида мудҳиш жиноятчини кўрмагани учун ҳам шоҳнинг бу ишидан таажжубланган. Ачинарлиси шундаки, Е.Бертельс ҳам “Навоий” монографиясида Навоийнинг Самарқандга борганлигини сургун ҳисоблаб, бу пайтларда Самарқанд илм-фан маркази эмас эди, деб фикр билдиради. У Бартольд сингари Садриддин Ривосий масаласини кўрсатмаса-да, аммо тоғалари ва бадахшонийлар фожиасидан кейин шоир қочишга мажбур бўлди, деб таъкидлайди81.
Унинг Ҳиротдан чиқиб кетишига сургун тусини бериш В.Бартольд учун нега зарур бўлгани тушунарли. У Бобур маълумоти атрофида манбалардаги барча фактларни ўз мақсадига мослаштирди. Жумладан, Навоийнинг Бадахшон шоҳларига ҳурмати, Ҳусайн билан дўстлиги ҳолатларини бўрттириш орқали Абу Саъиднинг уюшган мухолифларини “ташкил” этди. Шайх Садриддин Ривосий шахсияти билан боғлиқ тахминлар мутлақо асоссиз. Шайх Садриддин Ривосий ёши улуғ киши бўлиб, асосий умри Мадина, Миср ва Сурия ўлкаларида ўтган. Ёши ўтиб ватани Исфаройинда сўфийлар жамоасига пешволик қилиб турганда Султон Абу Саъиднинг қистови билан Ҳиротга кўчиб ўтади ва айнан ҳижрий 871 йил