Айнан шу воқеалар Ҳусайн Бойқаронинг Ҳирот тахтини эгаллаши арафасидаги воқеаларга тааллуқли. Сал ўтмай Хуросон тахтига ўтирган Ҳусайн Бойқаро Султон Аҳмад Мирзога мактуб йўллаб Алишерни Ҳиротга чақириб олади. Бундан маълум бўладики, мадраса таҳсилидан сўнг Алишер Самарқандда кўп яшамаган. Шу нуқтаи назардан унинг Самарқанддаги ҳаётини 1467–1469 йиллар билан чегараласа бўлади.
Алишер Навоий ўзининг Самарқанддаги ҳаёти ҳақида кам маълумот қолдирган бўлса-да, «Мажолис» асаридаги қайдлар асосида унинг Самарқанд адабий муҳитида фаол иштирок этганини билиш мумкин. Хусусан, самарқандлик ижодкорлар билан доимий суҳбатлари, Сафоий, Мавлоно Жавҳарий, Мавлоно Ховарий, Ҳалвоий, Улои Шоший, Мавлоно Юсуфлар билан танишуви, Юсуф Бадеий билан ошно киришиши унинг Самарқанд адабий муҳитида ўзига хос ўрни бўлганини билдиради. Мавлоно Мир Қаршийнинг саҳҳофлик дўконида ўтказиб туриладиган мушоираларда қатнашиб турганлиги95, Мавлоно Риёзий билан шеър устида баҳс юритиши унинг Самарқанд фозиллари билан яқин алоқада бўлганлигини тасдиқлайди. Яна баъзи хотиралар борки, махсус кўрсатилмаган бўлса-да, улар Самарқанддаги даврига тааллуқли, деган фикрдамиз. Масалан, Навоий Мавлоно Риёзий фиқрасида қуйидаги воқеани эслайди: “Бу ғарро матла анингдурким:
Ситораест дури гўши он ҳилол абру,
Зи рўи ҳусн ба хуршед мезанад паҳлу.
Икки мисра орасида рабт жиҳатидан бир “ки” лафзи керак. Фақир дедимки, бу навъ яхшироқ бўлғайки:
Зи рўи ҳусн дури гўши он ҳилолабру
Ситораест ки бо моҳ мезанад паҳлу.
Инсоф юзидин керакки, мусаллам тутса эрди, жадал бунёд қилди, фақир сокит бўлдим. Ўз ёронлари талоштилар ҳам қабул қилмади. Самарқандда фавт бўлди”96.
Навоийнинг ўринли танқидига Риёзийнинг эътироз билдиргани бу воқеа унинг йигитлик даврида рўй берганлигини кўрсатади. Зеро, Навоий ўрта ёшларда шунчалик машҳурлик тутган эдики, унинг маслаҳатларига ҳатто Абдураҳмон Жомий қулоқ осар эди. Демак, Навоийнинг шоирлик маҳорати юксак эса-да, ҳали ёш йигит эканлиги сезилади. Воқеанинг Самарқандда содир бўлганига Риёзийнинг “Самарқандлиғдур” ва Самарқандда вафот этди” дейиши далил бўлиши мумкин. Чунки Мажолисда қўлланган қурилма бўйича зикр этилган воқеа тавсиф этилмишнинг ўз ватанида содир бўлган бўлса Навоий шоир ватанини тилга олиш билан кифояланган. Агар шоир бошқа жойга кўчиб борган бўлса, айни асар ёзилаётган даврда муқим турган жойи таъкидланган (масалан, Андижондиндур, сўнгра Самарқандға борди). Шунга қараганда, Риёзийни самарқандлик дейиш асносида Навоий воқеа Самарқандда бўлганлигига ҳам ишора этган.
“Макорим ул-ахлоқ”да келтирилган баъзи маълумотлардан Аҳмад Ҳожибек Алишерга катта ҳурмат билан қараганини сезиш мумкин97. Самарқанд ҳокими Аҳмад Ҳожибекдек санъатсевар ва шоир кишининг Навоий моддий таъминотига бефарқ бўлиши ишонч уйғотмайди. Заҳириддин Бобур Алишербекка Самарқандда