– Сен бақиришдан тўхташингни истайман, тўхташингни. Сен барча ижарачиларимни эсидан оғдирасан-ку бу туришда.
– Мен бақирдимми? – сўрадим, унинг кучли чангалидан чиқишга уринар эканман.
– Бўлмаса-чи! Сен панжалари орасига тикон кириб кетган айиқ каби бўкирдинг. Нима бўлди сенга? Овқат устида ухлаб қолганмидинг? Босинқирадингми?
Бу изоҳ қабул қилса бўладиган ягона изоҳ эканини ва агар тасдиқласам, карвонсарой эгаси қониқиш ҳосил қилиши ва мени ўз ҳолимга қўйишини тушуниб турардим. Лекин мени ёлғон гапиргим келмас эди.
– Йўқ, биродар, мен ноқулай ухлаб қолиб, босинқираганим йўқ. Мен сира ухламайман.
– Бўлмаса, нима учун бақирдинг? – сўроқ қилишда давом этди карвонсарой эгаси.
– Менга воқеалар манзараси кўринди. Бу сира туш эмас.
У менга ҳайрон бўлиб қаради-да, кейин мўйловининг учларини шима бошлади.
Шундан кейин деди:
– Сиз, дарвишлар, худди ҳужрадаги каламушларга ўхшаган, телба одамларсиз. Кун бўйи оч юрасиз ва дуолар ўқийсиз, боз устига қизиб турган қуёш тафти остида юрасиз. Нималардир кўринган бўлса бордир, офтобда миянгнинг жизғанаги чиққан бўлса керак.
Мен кулимсирадим. Балки у ҳақли ҳамдир. Айтадилар-ку, ақлдан озиш билан ўзингдаги Худони топиш орасидаги масофа жуда қисқа деб.
Шу пайт қовурилган эчки гўшти, қуритилган тузланган балиқ, турли дориворлар қўшиб пиширилган қўй гўшти, кулча нонлар, турк нўхати ва қўй гўштининг
думбасида пиширилган нўхатли ва ясмиқли шўрвалар солинган катта патнисларни кўтарган икки хизматчи олдимиздан ўтиб қолишди. Улар пиёз, саримсоқпиёз ва дориворларнинг ҳиди бутун меҳмонхонани тутиб кетган овқатларни одамларга тарқатиб юришарди.
Улар ёнимда тўхтаганларида мен буғи чиқиб турган бир коса ёвғон шўрва ва озроқ қора нон олдим.
– Овқатга тўлаш учун пулинг борми? – сўради карвонсарой эгаси ҳомийларча овоз билан.
– Йўқ, – дедим мен. – Лекин агар рози бўлсанг, эвазига бир нарса беришим мумкин. Сен менга емиш ва бошпана берасан, мен эса сен кўрган тушлар таъбирини айтиб бераман.
У икки қўлини белига қўйиб тўнғиллади:
– Ўзинг мен ҳеч қачон туш кўрмайман, дединг-ку.
– Тўғри, ўзим туш кўрмайман, лекин бошқалар кўрган тушлар таъбирини айта оламан.
– Ўзи сени ҳайдаб чиқаришим керак эди. Ҳамма дарвишлар жинни бўлади, деган эдим-ку, – деди карвонсарой хўжайини ҳар сўзини жаҳл билан чертиб гапирар экан. – Менинг сенга маслаҳатим: ёшинг не чадалигини билмайману, лекин сен бутун умрингга етарли дуою фотиҳалар қилдинг. Энди ўзингга яхши бир хотин топиб уйлан ва дунёда дарбадар кезишни бас қил. У сенга болалар туғиб беради. Шунда сен бир ерда қўним топасан. Ҳаммаёқ ғам-ғуссага тўлиб ётган бу дунёни кезишда нима маъно бор? Менга ишонавер.
Ҳеч қаердан бирон янгилик топа олмайсан. Меникига турли томонлардан турли одамлар келиб кетишади.
Озроқ шароб ичиб олсалар, бас, ўша бир хил нарсалар ҳақида гапира бошлайдилар. Одамлар