– У оловдан ҳам, тутундан ҳам ўлмаган. Шифтдаги тахта бошига тушиб кетган. У шу заҳоти, оғриқни ҳис этмаёқ ўлган. Сен ҳамиша уни қаттиқ азоб чеккан деб ўйлаб келгансан, аслида эса бундай бўлмаган.
Хўжайин бамисоли кўринмас оғир юк остида қолгандай букчайди.
– Сен қандай билдинг? – ғижирлаб сўради у.
Мен унинг бу саволига жавоб бериб ўтирмадим.
– Сен уни урф-одатга кўра дафн қила олмаганинг учун ўзингни айблаб келгансан. Сен ҳамон тушларингда унинг кўмилган чуқурдан эмаклаб чиқаётганини кўрасан. Булар тафаккуринг ўйинлари. Аслида эса хотининг ва ўғлингни аҳволи ёмон эмас, улар нур парчалари каби абадият бағрида саёҳат қилиб юришипти.
– Кейин ҳар бир сўзимни чертиб-чертиб шуни ҳам қўшиб қўйдим. – Сен энди қайтадан қўйга айланишинг мумкин, чунки сенинг қалбинг ўзи шундай.
Менинг гапларимни эшитиб бўлгач, хўжайин қўлини товада куйдириб олгандек, шошилинч тортиб олди.
– Дарвиш, сен менга ёқмадинг. Бугунча бу ерда қоласан, лекин эртага мен сенинг қорангни ҳам кўрмай.
Сени кўрарга кўзим йўқ.
Ҳамиша шундай бўлади. Ҳақиқатни айтсанг, сени ёмон кўришади. Ишқ ҳақида қанча кўп гапирсанг, сендан шунча қаттиқ нафратланишади…
Элла
2008 йил, 8 май, Нортгемптон.
Дэвид ва Жанет билан бўлиб ўтган жанжалларидан кейин Элла ўзини суви сиқиб олинган лимондай ҳис этди, бир муддатга «Ширин шаккоклик» ни нари сурди.
Назарида қаттиқ биқирлаб (жўш уриб) турган қозоннинг қопқоғи бироз очилган-у, ундан буғ билан бирга жанжал ва ранжу аламлар эркинликка ёриб чиқаётгандай эди. Бахтга қарши, қопқоқни унинг ўзи суриб қўйган – Скоттга телефон қилиб, ундан қизини ўз ҳолига қўйишини илтимос қилган эди.
Элла кейинроқ ўзининг телефонда Скоттга айтган гаплари учун қаттиқ афсусланди. Лекин май ойининг ўша кунида Элла тўғри иш қилаётганига шунчалар амин эдики, ҳатто ўзининг бу аралашуви қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини бир дақиқа бўлса ҳам хаёлига келтирмаган эди.
– Cалом, Скотт. Мен Элламан, Жанетнинг ойиси.
– Элла худди қизининг дўстига ҳар куни телефон қилиб
юргандай қувноқ оҳангда гапиришга ҳаракат қилди.
– Сен бир дақиқага бўшмисан?
– Миссис Рубинштейн, бемалол, нима хизмат? – сустгина оҳангда, лекин одоб сақлаган ҳолда деди Скотт.
Элла яна ҳам кучлироқ одоб сақлаган ҳолда шахсан унга қарши ҳеч нима йўқлигини, лекин уйланиш учун у ҳали жуда ёшлигини ва ҳаётни жуда кам билишини айтди; вақти келиб буни унинг ўзи ҳам тушунишини ва ҳатто ўз вақтида огоҳлантиргани учун ундан миннатдор бўлишини айтди. Кейин яна никоҳни эсдан чиқаришини ва бу суҳбатни ҳеч кимга айтмаслигини илтимос қилди.
Орага сукунат чўкди.
– Миссис Рубинштейн, – деди ниҳоят Скотт тилга кириб.
– Биз Жанет билар бир-биримизни севамиз.
Буни тушунсангиз керак.
Яна