–сиёсат фуқароларнинг индивидуал мақсадлари ва гуруҳий манфаатларини амалга оширишга имкониятлар яратиб, жамият ва шахснинг ижтимоий ривожланишини янгиланиб туришини (инновациясини) таъминлайди. Бошқача айтганда, жамият сиёсий мувофиқлаштириш усулларидан фойдаланган ҳолда ҳаётни ижтимоий ташкил этишнинг янги шаклларини барпо этади, инсон ва табиат, халқлар ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш учун шарт-шароитларни яратади.
Албатта, юқорида келтирилган фикрлар сиёсатнинг энг асосий функцияларига доирдир. Чунки сиёсат нафақат аниқ кўзга ташланиб турган, очиқ ифодалаган функцияларни, шунингдек, латент (яширин) функцияларни ҳам бажариши мумкинлигини АҚШ олими Р.Мертон қайд этган эди. Тирик организмларда бўлгани каби у ёки бу жамиятларда сиёсатнинг маълум функциялари ривожланмаган характер касб этиши мумкин. Масалан, жамиятнинг у ёки бу соҳаларига давлат аралашувининг ижобий натижаларини тасаввур қила олмаслик ҳолати сиёсатни ижтимоий жараёнларни бошқариш имкониятларидан бутунлай ёки тўла маҳрум қилиб, уни юз бераётган ҳодисаларга нисбатан доимо кечикиб муносабат билдирадиган ҳолатга солиб қўйиши мумкин58 . Шунинг учун ҳам сиёсатнинг асосий функцияларини амалга ошиш (ёки амалга ошмаслик) характерининг етуклиги ва ривожланганлиги тўғрисидаги тасаввурга эга бўлишга зарурият туғилади.
4. Сиёсатнинг ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари билан ўзаро муносабатлари
Сиёсат табиатини тушуниш уни жамият ҳаётининг бошқа соҳалари билан алоқаларини ўрганишни тақозо этади. Сиёсат иқтисод, ахлоқ, ҳуқуқ, руҳшунослик, бадиий маданият кабилар таъсирини ҳис этади, шунингдек, унинг ўзи ҳам ана шу ва бошқа инсон фаолиятига доир соҳаларга таъсир қилади. Сиёсат ўзининг тузилмаси ва моҳиятини тўла очиб берадиган маълум белгилар ва хусусиятларга эгадир.
Маълумки, сиёсий фикрлашлар жараёнида сиёсатни жамият ҳаётининг бошқа соҳалари билан боғлаш секинлик билан англаб етилган. Қадимги Грециядан то янги давргача сиёсатни ижтимоий организм бир бутунлигини таъминловчи ўзига хос социум ва инсон ўзаро муносабатларининг барча шаклларини қамраб олувчи, инсон фаоллигининг умумий универсал шакли сифатидаги қарашлар ва шарҳлашлар ҳукмрон бўлиб келди. Фақат Н.Макиавелли, Ж.Локк ва Т.Гоббс асарлари билан боғлиқ ҳолдагина сиёсатни фуқаролик жамиятидан ажратган ҳолда ва уни ҳаётнинг бошқа соҳалари билан боғлиқ тарзда тушуниш даври бошланди.
Сиёсий фикрлашнинг турли йўналишлари ва мактаблари сиёсатнинг бошқа ижтимоий соҳалар билан муносабатлардаги ролини турлича талқин этиб келди. Баъзи мутафаккирлар сиёсатнинг етакчи соҳасини “инсоний ҳаёт фаолияти” билан (Моска) боғлайди; бошқалари уни “иқтисодга боғлиқ бўлган иккинчи даражали ҳодиса”, деб билади (Маркс) ёки уни “ҳуқуқ” (Гоббс) , “ахлоқ” (Аристотель) ёки “дин” (диний-теологик анъаналар), деб билади; учинчи йўналиш эса сиёсатни инсон фаолиятининг барча бошқа турлари билан қориштириб, шу тариқа, бошқа ижтимоий